Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда “Ustoz – 2020” миллий мукофоти танлови ғолиблари муносиб тақдирланди
09:12 / 2020-12-24

Жорий йилда илк бор “Ustoz-2020” миллий мукофоти танлови ўзгача руҳда, “Ўқитувчилар ассоциацияси” ва “Varkey Foundation” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Мазкур миллий танлов ўқитувчининг умумий билим кўникмалари, салоҳияти ва фидойилиги, соҳага қўшаётган ютуқлари каби жиҳатларга асосланган бўлиб, бошланғич таълим фидокор устози, таълим соҳасида кўрсатган хизматлари учун, умид тимсоли, таълимда инновацион ёндашув ва ғоялари учун, меҳридарё устоз каби номинацияларни қамраб олганди.

Танловнинг илк босқичидаёқ 2997 нафар наманганлик ўқитувчи иштирок этди. Иккинчи босқичда республика бўйича 150 нафар саралаб олинган педагог ичида Наманган вилоятидан 23 нафар вакил ҳам беллашди.

Якуний натижаларга кўра, Поп туманидаги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Истора Жўраева “Умид тимсоли” номинацияси ғолиби бўлиб, 30 миллион сўм пул мукофоти ҳамда Дубай шаҳрида ўтказиладиган “Global Teacher Prize – 2021” тақдирлаш маросимида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Мингбулоқ тумани 6-сонли мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Иқболой Ҳошимжонова, Норин туманидаги 11-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ўлмасхон Маҳмудова, Тўрақўрғон туманидаги 48-сонли махсус мактаб интернатининг мусиқа фани ўқитувчиси Дишодбек Абдураҳимовларга ассоциация томонидан 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти тақдим этилди. Яна 19 нафар муаллим ҳам муваффақиятли иштироки учун сертификат ва эсдалик совғаларига сазовор бўлдилар.

Наманган шаҳридаги 52-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тантанали тадбирда, “Ustoz-2020” миллий мукофоти танловида юқори марраларга эришиб, ўзининг фидойилигини намоён этаётган моҳир устозларнинг ютуқлари эътироф этилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Рустамжон Исроилов, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилояти бўйича вакили Лутфиддин Ғаниев таълим соҳаси заҳматкашларини юксак муаввафақият билан табриклаб, бугунги кунда устоз муаллимларни эъзозлаш, уларнинг меҳнатини улуғлаш ва жамиятдаги обрўсини юксалтириш давлатимиз раҳбариятининг доимий диққат марказида эканлигини таъкидладилар.

Тантанали тадбирда ғолиб-совриндор ўқитувчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА