Наманганда умумтаълим фанлари бўйича Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичи бошланди.
Истеъдодли ўқувчи-ёшларни аниқлаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, билим ва қобилияти ошириш, фанларни чуқур ўзлаштиришга ундаган ҳолда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадларини кўзда тутадиган олимпиаданинг мазкур босқичида қуйи босқичларда муваффақият қозонган вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-, 10-, 11-синф ўқувчилари ҳамда академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг 1695 нафар иқтидорли ўқувчиси иштирок этмоқда.
Ўзига хос билимлар баҳсида 9-синф ўқувчилари 18 та, 10-синф ўқувчилари 14 та, 11-синф ўқувчилари 14 та фан бўйича ёзма ва тест синовлари бўйича беллашмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, фан олимпиадаларининг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Уларни тайёрлаган ўқитувчилар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробаридан 50 баробаригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Фан олимпиадасининг вилоят босқичи жорий йилнинг 10 январига қадар Наманган шаҳридаги 52-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида давом этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА