French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда трампoлин бўйича Ўзбекистон кубоги старт олди
17:17 / 2025-10-29

Наманган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг трамполин залида спортнинг бадиий трамполин йўналиши бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақаси бошланди.

Мазкур мусобақа ёш гимнастлар маҳоратини синовдан ўтказиш, уларни катта халқаро ареналарга тайёрлаш ҳамда спортда янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади. Беллашувда мамлакатимиздаги 6 та вилоят ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан жами 176 нафардан ортиқ спортчи иштирок этмоқда.

Трамполин спорти — бу нафақат жисмоний бардош, балки аниқлик ва тезкорликни талаб қилувчи мураккаб йўналиш ҳисобланади. Ёш спортчиларимиз эса ҳаракатлардаги аниқлик ва гўзаллик уйғунлигини намоён этиш орқали томошабинлар қалбини забт этмоқда.

Тадбир давомида иштирокчилар индивидуал ва жуфтликлардаги дастурлар бўйича беллашмоқда. Ҳар бир чиқишда улар нафақат спорт маҳоратларини, балки ирода, интизом ва юксак руҳни намоён этмоқда.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Бадиий трамполин — мамлакатимизда тобора оммалашиб бораётган спорт турларидан бири бўлиб, бу йўналишдаги мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Жавоҳир Тошхўжаев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА