Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда телемедицина ривожланади
12:52 / 2022-10-16

Наманган вилоятида “Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамдаги инновациялар” мавзусида ХVII Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Руминия, Черногория, Беларусь ва Россиядан 90 дан ортиқ эксперт ва шифокорлар иштирок этди.

Анжуманнинг дастлабки кунида Россия, Германия, Корея, АҚШ каби давлатларнинг етакчи тиббиёт олимлари тавсиялари асосида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида мазкур муассасанинг хирургия ва травматология бўлимларининг малакали шифокорлари томонидан юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ҳамда хорижий шифокорлар ипштирокида “маҳорат дарслари” ўтказилди.

Конференциянинг иккинчи кунида мамлакатимизда бундан 21 йил аввал асос солинган шошилинч тиббий ёрдам хизматининг ўтган даврдаги фаолияти ва уларнинг натижалари атрофлича таҳлил қилинди. Дарҳақиқат, шошилинч тиббий ёрдам хизмати мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги алоҳида ва йирик ташкилий тузилма ҳисобланади. Бугунги кунда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги 13 филиали ҳамда 181 та субфилиалида аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул, сифатли, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Биргина, РШТЁИМнинг 53 та клиник бўлим ҳамда таркибий бўлинмаларида ўнлаб турли юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда. Мазкур анжуманда тизимда янги технологиялар жалб этилиши натижасида жарроҳлик ва кардиология, педиатрия ва токсикология, оғир шароитларда барча турдаги жароҳатларни даволаш ва диагностика жараёнларида самара бераётгани қайд этилди.

Тадбирда Республика шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини  ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшганлиги, ўзаро тажриба алмашинуви, соҳа ходимларини малакасини ошириш борасидаги хизматларини инобатга олиб, Москва шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, профессор Михаил Замятин, “GIZ” лойиҳаси директори Карнелия Беккер, шунингдек, юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси, хусусан вилоят шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази биносини капитал реконструкция қилиш ва сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускунлар билан жиҳозлашда жонбозлик кўрсатгани учун Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззақовларга Республика шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фахрий профессори унвони берилди.

Бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемияси масофавий технологиялар ва маслаҳатларни ривожлантиришга туртки берди ва барча ҳамкорларнинг жамоавий тажрибасидан фойдаланишни тақозо қилди. Чунончи, янги технологиялар жарроҳлик ва кардиология, педиатрия ва токсикология, оғир шароитларда барча турдаги жароҳатларни даволаш ва диагностика жараёнининг ажралмас қисмига айланди.

Анжуманда, Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб телемедицина ривожи йўлида дастлабки қадамларни қўйган Наманган вилояти тиббиёт соҳаси учун Германия ҳукуматининг “GIZ” лойиҳаси томонидан замонавий тиббий робот аппарат туҳфа қилинди. Эътиборлиси, бундай ноёб ускуна мамлакатимиз бўйича икки дона бўлиб, дастлабкиси пойтахтимиздаги Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида мавжуд эди. Мазкур робот аппарат нафақат диагностика, балки оғир беморларга аниқ ташхис қўйиш ва даволаш бўйича дунёнинг исталган мамлакатидан телемедицина орқали етакчи мутахассислар тавсияларини олиш имконини беради.

–Тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро анжуманда қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош комбустиологи, Комбустиология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Алексеев. – Ўзим 30 йилдан буён комбустиолиги (куйганлар жарроҳлиги) соҳасида фаолият юритаман. Ушбу илмий семинарнинг аҳамияти шундаки, биз беморларга сифатли ҳамда юқори технологияли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиришимиз, икки давлат шифокорларининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашимиз зарур. Қолаверса, бундай форматдаги тадбирларда муҳим масалаларни ҳал этиш ечимлари топилади.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.