Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал шахматга жалб қилиш мақсадида Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан “Шахмат клуби” очилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, аҳоли ўртасида шахматни кенг тарғиб қилиш, ўсиб келаётган ёш авлод орасида юқори иқтидорга эга бўлганларни саралаб олиш ва уларни профессионал шахматчи-халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, шахмат мактабини шакллантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ақлий спорт турини ривожлантириш, оммалаштириш мақсадида сўнги йилларда Президент қарорлари қабул қилиниб, тегиши вазифалар белгиланди. Шу йилнинг август ойида Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон шахмат мактабининг "Олтин авлоди" тарихий ғалабага эришганлиги кўпчилик шахмат ихлосмандларини қувонтирди.

Жорий йил апрель-июнь ойларида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган шахмат мусобақаларида 35 минг нафарга яқин вилоят ўғил-қизлари қатнашган бўлса, ташаббуснинг иккинчи мавсуми доирасида ўтказилган шахмат мусобақаси маҳалла босқичига 32 минг нафар ёш қамраб олинди.

– “Шахмат клуби”да эртамиз эгаларининг шахмат билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган бўлиб, ҳафтанинг ҳар шанба куни 7 ёшдан 70 ёшгача аҳоли ўртасида “Рокировка” мусобақасини ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи, вилоят шахмат федерацияси раиси Бахтиёр Мирзатов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА