Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда сайёр қабул натижалари қандай бўлди?
11:41 / 2020-11-10

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида Наманган вилояти аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилди.

Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларида ташкил қилинган сайёр қабулларда асосан суд-ҳуқуқ, уй-жой ва моддий ёрдам ажратиш, газ, электр энергияси таъминоти, йўллар таъмири, меҳнат ва бандлик каби масалаларда мурожаатлар келиб тушди. Ички ишлар, банк, прокуратура, соғлиқни сақлаш, кадастр сингари соҳалар бўйича ҳам мурожаатлар кўп бўлди.

Мулоқотлар давомида турли соҳа мутасаддилари қатор мурожаатларни жойига чиқиб ўрганди. Муаммоларга биргаликда ечим топиш учун бор куч-имконият ишга солинди.

Бир мисол – Чортоқ тумани«Оромгоҳ» маҳалласида жойлашган 49- умумтаълим мактабида компьютер етишмас, интернет тармоғи йўқ, атрофдаги йўллар эса таъмирталаб эди. Бу уч муаммони тегишли соҳалар мутасаддилари бирга ўрганиб, бирга ҳал қилиб беришди. Дейлик, Халқ таълими вазири ўринбосарининг ўрганишларидан сўнг мазкур 49-мактабга 16 дона компьютер жамланмаси, бадиий адабиётлар тўплами, спорт анжомлари етказиб берилди.  

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари эса 7 км. оптик толали алоқа тармоғи тортилиши ва мактабнинг интернет тармоғига улаб берилишини, Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари эса мактаб атрофидаги 1,5 минг квадрат метр йўлакда асфальтлаб берилишини таъминлади.

Бир мактабдаги уч муаммонинг уйғун ҳал қилиниши – халқ билан мулоқот тизими турли соҳалар вакилларининг муаммоларга биргаликда ечим топиши учун ҳам ниҳоятда муҳим платформа бўлаётганига, куч-имкониятлар бирлашаётганига биргина мисол, холос.

Дарвоқе, вилоятдаги сайёр қабулларда Халқ таълими вазири ўринбосарига мурожаатлардан сўнг Поп ва Чуст туманларидаги иккита мактабни реконструкция қилиш масаласи келгуси йилги дастурларга киритиладиган бўлди, 6 нафар мурожаатчи халқ таълими тизимида иш бошлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосарига мурожаатлар асосида 12 та хонадонга интернет тармоғи тортилди.  

Бу галги сайёр қабуллар жараёнида эса ҳудуддаги 10 мингдан зиёд аҳолига кўчма савдо шохобчалари орқали «Ўзмобайл» миллий операторининг мобил алоқа карталарини етказиб бериш йўлга қўйилди.

Автомобиль йўллари қўмитасига мурожаатлар асосида Чуст, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ туманларида 1,8 км. дан зиёд йўл асфальт қилинди, 3,6 км. чанг-лой кўчалар тош йўлга айлантирилди, 1,5 км. йўл таъмирланди. Жумладан,Чортоқ туманидаги мана бу маҳаллага «Нурафшон», кўчага эса «Обод» деб ном қўйилган.

Қисқа айтсак, Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларидаги сайёр қабулларда 1 минг 878 та мурожаат асосида 1 минг 929 та масала кўриб чиқилди.  

Уларнинг 1 минг 167 тасига жойида ечим топилди, 177 та мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 585 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб назоратга олинди.