French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда Республиканинг намунали патруль-пост хизматлари аниқланди
18:49 / 2020-12-07

Наманганда Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан “Намунали патруль-пост хизмати ходими” ва “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрь кунги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган танловда 35 ёшгача бўлган 84 нафар ППХ ходими саф тайёргарлиги, сузиш, қўл жанги, тўсинда тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш ва ўқ отиш шартларида жисмоний салоҳияти ҳамда ақлий билимларини синаб кўрди.

Финал босқичининг якуний натижаларига кўра, “Намунали патруль-пост хизмати қисм командири” номинацияси бўйича ғолиблик Сурхондарё вилояти ИИБ патруль-пост хизмати бўлими қисм командири, майор Отабек Норқобуловга насиб этди. “Намунали патруль-пост хизмати ходими” номинациясида энг юқори натижани кўрсатган Наманган вилояти ИИБ патруль-пост хизмати бўлими инспектори Абдураҳмон Дусбоев биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Танловнинг умумий ҳисобида Наманган вилояти жамоаси фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Сурхондарё вилояти жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса Тошкент шаҳри жамоасига насиб этди. Шунингдек, танлов иштирокчилари алоҳида номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.

Ғолиблар Ички ишлар вазирлиги томонидан мусобақа кубоги, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Ўз навбатида, бундай мусобақалар ва кўрик-танловлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг нафақат ақлий ва жисмоний шайлигини юксалтирибгина қолмасдан, балки уларнинг иш фаолияти натижадорлигини янада оширишга катта туртки беради.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА