Оила – муқаддас қўрғон, жамиятнинг ажралмас бўғинидир. Қўрғоннинг мустаҳкамлиги эса оила аъзоларининг ўзаро аҳиллиги ва ҳамжиҳатлигига чамбарчас боғлиқдир. Оилалар ажримининг олдини олишга эса ҳар биримиз масъулмиз.
Наманганда вилоят прокуратураси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ташаббуси билан ташкилланган “Фарзандни таъминлаш – ота-онанинг конституциявий бурчидир” мавзусидаги тадбирда айни шу муҳим жиҳатга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги хусусида сўз юритилди.

Прокуратура, ҳокимлик, ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ва Наманган Давлат университети ўқитувчилари иштирокидаги маънавий-маърифий тадбир ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, алимент тўловларидан бўлган қарздорликларни ундириш, иш билан банд бўлмаган алимент тўловчиларни ишга жойлаштириш каби долзарб масалаларни қамраб олди.

Тадбирда оила ва унинг муқаддааслиги, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳиятини ҳаётий, таъсирчан мисоллар асосида тушунтириб ўтилгани катта таассурот қолдирди. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига ҳар бир киши масъул эканлигига эътибор берилди.
Асосийси, тадбир натижасида 17 та оилани яраштиришга эришилди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, 32 нафар ишсиз қарздор иш билан таъминланиб, уларнинг алимент тўловдан бўлган қарздорлиги иш ҳақларига қаратилиши таъминланди.

- Бугунги учрашувдан қаттиқ таъсирланиб турмуш ўртоғим билан ярашишга аҳд қилдим, - дейди Янги Наманган туманидаги Тинчлик маҳалласида яшовчи О. А. - Оилавий келишмовчилик сабаб ажраб кетган эдим. Бир нафар фарзандимга алимент тўлаб келаётгандим. Икковимиз ҳам оила муқаддас даргоҳлигини тушуниб етдик ва ярашдик.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, МИБ Наманган вилояти бошқармасининг ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган алимент ундирувига оид 24 минг 305 та ҳужжат бўйича ўтган 2022 йил давомида 104,3 миллиард сўм қарздорликлар ундирилди. Олиб борилган тарғибот ва тушунтиришлардан сўнг 5 минг 164 та оила яраштирилди ҳамда ишсиз алимент тўловчиларнинг 2 минг 349 нафари ишга жойлаштирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.