Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда Президент сайловини ўтказувчи сайлов участкалари сони тасдиқланди
15:09 / 2021-08-24

Сайлов – 2021

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ, сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади.  

Округ сайлов комиссияси сайлов участкаларининг тартиб рақамини белгилайди, тегишли участка комиссиясининг телефон рақамларини, жойлашган ерини ва овоз бериш биносини кўрсатган ҳолда сайловчиларни ҳар бир участканинг чегаралари тўғрисида хабардор этишни ташкил қилади.

Сайлов кодексига кўра, вилоятда сайлов участкаларини тузиш ва эълон қилиш округ сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги вилоят маданият марказида жойлашган 6-Наманган сайлов округининг навбатдаги йиғилиши айни шу муносабат билан ўтказилди.  

6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси, Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов қайд этганидек, Президент сайловини янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши учун барча зарурий ташкилий тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.

Хусусан, сайлов округи томонидан Наманган вилоятининг 14 та шаҳар ва туманлар кесимида ҳар бир сектор ҳудудидан тақдим этилган сайлов участкаларининг белгиланган рақамлари, чегаралари ва жойлашув дислокациялари асосида кўриб чиқилди. Фуқаролар, яъни сайловчиларнинг келиб-кетишига ҳар томонлама қулай бўлган бинолар танлаб олиниб, 831 та сайлов участкаси ташкил этилди.  

Округ сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий асосга кўра, шаҳар ва туманлардаги барча сайлов участкаларининг дислокациялари маҳаллий босма нашрларда чоп этилишига кўрсатма берилди.  

Маълумот ўрнида, 2019 йилда парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайлов даврида Наманганда 726 та сайлов участкаси фаолият олиб борган эди. Президентлик сайлови жараёнларида эса аҳоли сонининг ўсиши ва сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 105 та янги сайлов участкаси ташкил этилди. Шундан келиб чиқиб шаҳар ва туманларнинг паспортлари янгитдан шакллантирилди, 831 та сайлов участкасининг схемалари яратилди.  

Округ йиғилишидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган брифингда таъкидлаб ўтилганидек, мавжуд сайлов участкаларининг 627 таси умумтаълим мактабларида жойлашган бўлиб, бу мавжуд сайлов участкаларининг 75,5 фоизни ташкил этади. 69 таси эса коллеж, техникум ва касб-ҳунар мактабларида, 11 таси тиббиёт муассасалари, касалхона ва стационар даволаш масканларида жойлашган. Сайлов участкаларининг саккизтаси олий ўқув юртларида, 25 таси маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида, 45 таси маданият ва спорт марказида, саккизтаси сиҳатгоҳлар ва дам олиш уйларида, биттаси тергов ҳибсхонасида, бештаси давлат хизматлари агентлиги марказларида, саккизтаси ҳарбий қисмларда ва 22 таси сайловчилар учун қулай бўлган бошқа биноларда бўлади. Шунингдек, Наманган вилоятининг қўшни Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош еттита туман ҳудудидаги 52 та маҳалла фуқаролар йиғинида 57 та сайлов участкаси ташкил этилди.

Сайлов участкалари пандемия талабларига жавоб бериши, хусусан, овоз беришни тор биноларда ўтказмаслик чоралари кўрилиб, сайловда овоз бериш хонасининг кенг бўлиши таъминланди. Кириб-чиқишда тирбандлик бўлмаслиги учун ҳар бир бинода қулай шароитлар яратилди. Овоз бериш хоналарида пардаларнинг бўлмаслиги бу жойда ҳаво алмашинишини таъминлайди.

Брифингда, сайлов участкалари жойлашган манзиллар ва участка сайлов комиссиялари таркибларини босма нашрларда эълон қилиш тартиби юзасидан фикр алмашилди. Сайлов округ комиссияси аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари ходимларининг айни мавзу юзасидан берган саволларига жавоб қайтарилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА