Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида миллий спорт тури саналган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун эркаклар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионатига старт берилди.
Вилоятимизда илк маротаба ташкиллаштирилган нуфузли мусобақага дунёнинг ўттиздан ортиқ мамлакатидан 450га яқин маҳоратли кураш усталари келди. Улар белбоғли кураш ва унинг эркин йўналиши бўйича эркаклар ўртасида саккизта, аёллар ўртасида эса бешта вазн тоифасида саралаш баҳсларига киришди.
Мусобақанинг тантанали очилишида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдурраззоқов, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси раиси Азизбек Ғаниев мамлакатимизда аҳолини спорт билан мунтазам шуғулланиши, улар орасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, истеъдодли, профессионал спортчиларни тайёрлашнинг комплекс тизими йўлга қўйилганлигини таъкидлади.
Бунинг натижасида Наманган вилоятида сўнгги беш йилда 122 миллиард сўм эвазига 198 та спорт объекти фойдаланишга топширилди. Ҳозирда 3 минг 647 та спорт иншоотида аҳоли спорт билан шуғулланмоқда.
Жаҳон чемпионатининг дастлабки ўйинларидаёқ мезбонлар, шунингдек, Россия, Тожикистон, Монголия, Қозоғистон ва Эрон терма жамоалари спортчилари ғолиблик, яъни медаллар шодаси учун асосий даъвогар эканликларини исботлади. Ўзбек гиламида куч-қуввати ва маҳоратини намойиш қилишга келган Нурлан ўғли Бекбул (Қозоғистон), Муҳаммад Оберуманд (Эрон), Виктория Болохан (Белорусь), Яна Беликова (Россия) сингари кураш усталарининг шижоати таҳсинга лойиқ.
[gallery-8728]
- Мафтункор Ўзбекистоннинг гуллар шаҳрига биринчи бор ташриф буюришимиз, жаҳон чемпионатида энг сара 11 нафар спортчи билан иштирок этяпмиз, - дейди Озарбайжон терма жамоасининг катта мураббийи Самер Абдуллаев. – Шогирдларимиз орасида жаҳон чемпиони Жамал Фейзиев, жаҳон ва Европа чемпионати совриндорлари Хейян Абдуллаев ва Гўзал Зутовани юқори марраларни эгаллашига умид қилиб турибмиз.
Жаҳон чемпионатининг дастлабки кунги натижаларига кўра, терма жамоамиз вакилларидан Рустам Умаров, Жамолиддин Неъматуллаев, Абдулаҳад Носиров, Файзулло Муҳсинов, Муроджон Ҳомидов, Абдурасул Ҳабибуллаев, Абдулла Тоҳиров, Шерзодбек Абдумуталов, Моҳигул Ибрагимова, Дилафрўз Мамажонова, Зебохон Носирова, Шириной Йўлдошева сингари кураш усталари ярим финал босқичига йўл олди.
Айниқса, чемпионатнинг 90 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Рустам Умаров ва Тожикистон спортчиси Анушервон Наврўззода ўртасидаги чорак финал баҳси кураш ихлосмандларининг эътиборини тортди. Муросасиз ва ҳаяжонли курашлар остидаги беллашувнинг охирги лаҳзаларида “ёнбош” баҳоси билан ғалабага эришган тўрақўрғонлик алпқомат ўғлон чемпионлик учун дадил қадам ташлади.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 351 миллион сўмни ташкил этади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА