Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчилар ва уларнинг устоз-мураббийларини қабул қилди.
Самимий руҳда кечган учрашувда 2021 йилда Япония пойтахти Токио шаҳри мезбонлик қиладиган ХVI Паралимпия ўйинларига пара-атлетиканинг найза улоқтириш бўйича йўлланма соҳиби, амалдаги Паралипия чемпиони ва рекордчиси Нозима Қаюмова, йўлланмага даъвогар дзюдочилар Довурхон Караматов, Феруз Саидов ва уларнинг устози Абдуқаҳҳор Азизов, ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида миллий терма жамоамиз йиғинида бўлиб турган енгил атлетикачи Нурхон Қурбонованинг онаси Дилфуза Бозорова иштирок этдилар.
Мулоқотда қайд этилганидек, вилоят паралимпиячиларидан сув спорти бўйича Кирилл Панков, каноэчи Олимжон Солижонов, таэквандочи Қудратилла Шоназаров ҳам Токиодаги энг нуфузли мусобақа йўлланмаси учун кечадиган халқаро турнирларга мамлакатимиз терма жамоаси сафида пухта тайёргарлик кўришмоқда.
Учрашувда вилоят раҳбари Токиода ўтажак ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари Наманган спорти довруғини кўтаришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, паралимпиячиларни мунтазам равишда қўллаб-қувватланишини билдирди. Эътиборлиси шундаки, пара-спортчиларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан маблағ ажратилишидир.
Вилоят паралимпия ассоциацияси бош котиби Набихон Абдуғаниевнинг маълум қилишича, наманганлик паралимпиячилар Токиода бўладиган Паралимпия ўйинларига 5 та йўлланмани қўлга киритиш учун жиддий бел боғлашган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.