Наманганда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсда бошқарма ҳамда шаҳар, туман давлат хизматлари марказлари томонидан ўтган 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, шаҳар ва туманларда ташкил этилган ДХМлар томонидан 2018 йилнинг бошида жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 148 тага етди. 2021 йилда эса хизматлар сонини янада ошириш режалаштирилган.

– Вилоятимиз аҳолисини сифатли ва тезкор давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида замонавий, барча қулайликларга эга 10 та ДХМ биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Январь ойининг охирига Мингбулоқда, март ойида эса Косонсойда туман Давлат хизматлари марказлари фойдаланишга топширилади. Ҳудудларнинг асосий нуқтасидан узоқроқда жойлашган чекка манзилларда марказ филиаллари қурилди, – деди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходими Фозилжон Жўрабоев. – Ортда қолган 2020 йилда марказлар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 609 минг 359 та хизмат кўрсатилган. 21 минг 451 та янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 18 минг 852 тасини жисмоний ва 8 минг 855 таси эса юридик шахслар улушига тўғри келади.
Ҳисобот йилида вилоятда 11 минг 352 та тадбиркорлик фаолияти тикланди. Шундан 11 минг 15 та якка тартибдаги тадбиркор, 237 та юридик шахс ўз фаолиятини қайта бошлаган. Мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестиция жозибадорлиги натижасида Наманган вилоятида хорижий сармоялар иштирокидаги 39 та корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шу маънода, туман (шаҳар) ДХМлар томонидан 7 минг 914 та давлат хизмати сайёр тартибда ҳамда 4 минг 257 та давлат хизмати мавжуд 4 та филиал томонидан кўрсатилди.
Шу кунга қадар Давлат хизматлари марказлари фаолияти таҳлилидан кўринадики, энг кўп мурожаатлар тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини шакллантириш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза юбориш, болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича ариза бериш, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш, электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш бўйича келиб тушган.
Анжуманда тизим томонидан амалга оширилаётган самарали ишларга қарамай, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида айрим қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги айтиб ўтилди.
Ташкилотлар кесимига кўра, 2020 йилда жами 1 минг 687 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Айниқса, архитектура ва қурилиш ҳамда маҳаллий ҳокимликларда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этмаслик ҳолатлари кўпроқ кузатилган. Шу сабабли мазкур идораларга 38 та тақдимнома, 228 та огоҳнома киритилди, 218 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра 2021 йилнинг 1 январига қадар “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви” ахборот тизимида архивларда қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантириш вазифаси юклатилди. Туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлими архивларида сақланаётган 4 миллион 500 мингдан зиёд далолатнома ёзувлари тўлиқ рақамлаштирилиб, “Ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ФҲДЁдаги мавжуд архив маълумотларини рақамлаштириш - архив ҳужжатларидан маълумотномалар бериш муддатини 15 иш кунидан саноқли дақиқаларгача қисқартириш имконини беради.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш асносида давлат хизматлари сифати ҳамда шаффофлигини ошириш борасидаги ўз таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА