Наманганда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ташаббуси билан Қуролли Кучлар ташкил топганлигининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб, "Ватан фидойи фарзандларини унутмайди" шиори остидаги ватанпарварлик автоюришлари ўтказилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган автокарвоннинг ҳаракатланиш йўналиши харитасига кўра галдаги ватанпарварлик автоюриши иштирокчилари карвони Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби саройидан чиқиб вилоят марказидаги Хотира хиёбонига келди.
“Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гуллар қўйилди. Сўнгра автокарвон Норин, Учқўрғон ва Уйчи туманлари томон йўл олди. Мазкур туманларда янгидан қад ростлаган замонавий санъат кошоналари – маданият марказларида ёшларни мотивацияга чорловчи маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Уларда туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг фахрийлар кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлар ҳарбий қисмлари хизматчилари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, адиб ва шоирлар, журналист ва блогерлар, ҳарбийга чақирилувчи ёшлар иштирок этди.
Истеъфодаги полковник Ҳасанбой Хидиралиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Зиёвиддин Мансуров, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Аҳмаджон Аълохўжаев ўз сўзида бундай маънавий-маърифий тадбирлар, автоюришлар аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида ватанпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, армияга бўлган қизиқиш ва интилишини оширишнинг ўзига хос оммавий воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
[gallery-758]
Шонли сана муносабати билан “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги техник-амалий спорт турлари бўйича кўргазмалар, санъатга ошуфта ўғил-қизларнинг расмлар танлови, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий қисми томонидан ташкил этилган қурол-аслаҳалар намойиши, бошланғич ҳарбий таълим бўйича тўгараклари аъзоларининг жанговар чиқишлари, она Ватанимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар йиғилганларга завқу шавқ улашди.
Мустақиллик йилларида самарали фаолият юритиб, юртимиз тинчлиги, ватанимиз хавфсизлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлидаги хизмат бурчини ўташ чоғида мардларча қурбон бўлган ҳарбийлар ҳамда Ички ишлар органларининг 38 нафар марҳум ходимларининг оила аъзоларига эсдалик совғалари, бадиий асарлардан иборат китоблар жамланмаси туҳфа қилинди.
– Ички ишлар тизимида хизмат қилган раҳматли отам Ёқубжон Қодировнинг хотираси эъзозланганидан кўзимга севинч ёшлари келди. Бу Ватан ўз фидойиларини асло унутмаслигидан далолат беради. Биз, фарзандлар келгусида комил инсонлар бўлиб етишиб, падари бузрукворимизнинг эзгу ишларини давом эттиришга бурчлимиз, – дейди Норин туманидаги 39-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Каримова. – Байрам арафасида кўрсатилган эҳтиром учун “Ватанпарвар”чиларга миннатдорлик билдирамиз.
Эътиборлиси шундаки, ватанпарварлик автоюриши маънавий-маърифий тадбирлари доирасида умумий босиб ўтилган масофа 118 километрни ташкил қилиб, шу масофа орасида шаҳар ва туманларда минглаб кишилар кўзларида завқ, юракларида ҳаяжон билан давлатимиз байроғи ҳилпираб бораётган автомашиналар карвонини кузатди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА