English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда ўтган 6 ойда 16 хорижий ва қўшма корхона рўйхатдан ўтказилди
07:02 / 2021-07-13

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳити учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳоли бандлигини ошириш, иқтисодиётни янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Айниқса, чет эл фуқаролари иштирокидаги хорижий корхоналарнинг сони ортиб бориши экспорт салоҳиятини янада кенгайишига ҳисса қўшмоқда. Юртимизда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратилган. Булар, энг аввало, тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берадиган, хусусий мулкчиликни ва рақобатни ҳимоя қиладиган қонунлар базаси яратилгани, шунинг баробарида уларга тезкор ва шаффоф давлат хизматларини кўрсатиш инвесторлар юмушини осон қилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам инвесторларга ишбилармонлик муҳити яратилгани боис, кўплаб хорижлик сармоядорлар ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, янги иш ўрни яратмоқда. Жорий йилнинг ортда қолган олти ойи давомида туман, шаҳар давлат хизматлари марказлари орқали 16 та хорижий ва қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.

- Марказимиз томонидан чет эллик фуқаро иштирокида саккизта корхона давлат рўйхатидан ўтди  - дейди Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази директори Нодирбек Исомиддинов. - Хусусан, Украинанинг “Meliorant tadeusz zajac  spolka komandytowa” корхонаси ҳамда Польшанинг “Rolbahnk group sp. Z.О.О” корхонаси ҳамкорлигида низом жамғармаси миқдори 3 миллиард 180 миллион сўмга тенг бўлган "Meliorant investments" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона ташкил этилди. Мазкур қўшма корхонанинг асосий фаолияти коммунал хизматлари кўрсатиш, шаҳар ҳудудида замонавий канализация тизимини ташкил қилиш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган. Келгусида 50 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Ўтган даврда, Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари ҳамкорлигида низом жамғармаси миқдори 400 миллион сўмни ташкил этувчи "Ozimus textil import export" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги фаолият бошлаган ушбу қўшма корхона тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб, тайёр маҳсулотни чет давлатга экспорт қилишни ўз олдига мақсад қилган. Корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилса, 100 киши ишга қабул қилинади.

Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан шу йилнинг ўтган олти мобайнида хорижий инвестиция иштирокидаги саккизта субъект давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур корхоналар томонидан қарийб 25 миллиард 400 миллион сўм миқдоридаги хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, лойиҳаларни ишга тушиши билан 500 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришилади.

Албатта, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва улар даромадини ошириш муҳим саналади. Шу боис бу борадаги ишлар давом этмоқда.  

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА