Наманганда ота ўз боласи учун салкам 20 миллион сўм алимент пулни бир йўла тўлаб берди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандида алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунга қадар ҳар қандай давр учун ва 5 йилдан кам бўлмаган муддатга амалга ошириш кўрсатиб ўтилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Наманган шаҳар бўлими иш юритувида бўлган, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг қарорига асосан фуқаро Н. М. дан ундирувчи Н. Р. фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент тўлаш белгиланган.
МИБ вилоят бошқармасига кўра, ўтказилган тарғибот ва тушунтиришлар натижасида ота фуқаро Н. М бюро бўлимига мурожаат қилади. Яъни, ота ўз боласи вояга етгунча қадар алимент маблағни ҳисоб-китоб қилишни сўради. Давлат ижрочиси томонидан қарздорлик вояга етгунга қадар 19 миллион 987 минг 500 сўмни ташкил этди. Ота ўз дилбанди олдидаги мажбуриятни адо этгани туфайли қарздорлик бартараф этилди. Шу билан ижро ҳужжати тамомланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.