Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда орден ва медаллар ўз эгаларига топширилди
20:57 / 2022-08-31

Наманганда Президент фармонига асосан мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди.

Унда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ва маъмурчилик ишлари натижасида шаҳару қишлоқлар ободонлаштирилиб, кўркам қиёфа касб этаётганини таъкидлади. Биргина, истиқлолимизнинг навқирон ёши арафасида вилоятда жами 200дан зиёд ижтимоий, иқтисодий, савдо, хизмат кўрсатиш объекти қуриб, фойдаланишга топширилди.

Бундай хайрли ишларни “Инсон қадри учун” тамойили асосида изчиллик билан амалга оширишда алоҳида жонбозлик кўрсатган, орден ва медалларга муносиб кўрилган 13 нафар наманганлик фидойининг улкан ҳиссаси бор.

Байрам тадбирида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ходимлари, ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқлари илғорлари, таълим, тиббиёт соҳалари фидойилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига давлат мукофотлари топширилди.

[gallery-8610]

- Йигирма тўрт йилдан буён юртимиз ободлиги йўлида хизмат кўрсатиб келяпман, ишимга меҳр қўйганман, - дейди Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси гулхона бригадаси ишчиси Хулкар Муҳиддинова. – Камтарона меҳнатларимиз алоҳида эътироф этилиб, Мустақиллик байрами арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бу мукофот нафақат менга, балки гуллар шаҳри Наманганда нафосат шайдолари бўлмиш гулчилар меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан.

- Президентимиз биз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари олдига юртимиз тинчлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда секторларга масъуллар сифатида ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва турмуш шароитини ошириш, одамларни рози қилиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган муҳим вазифаларни белгилаб берган, - дейди Уйчи тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган Шерзод Раҳимов. – Бу борада ўтган қисқа давр ичида олиб борган саъй-ҳаракатларимиз давлатимиз томонидан юксак баҳоланганидан беҳад миннатдормиз. Ушбу мукофот нафақат менга, балки вилоят прокуратура органлари тизими, қолаверса, иккинчи сектор ҳудудидаги ташкилотлар мутасаддиларига берилган эътибор намунаси, деб биламиз.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА