Наманган вилоятининг Норин тумани ҳудудида жойлашган “Учтепа-2” археология объекти консервация қилинди.
Мазкур тарихий жойни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бўйича Республика Туризм ва Маданий мерос вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақида Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида маълум қилинди.

Қайд этиш жоиз, мазкур манзилгоҳни академик тарихчи олим Аҳмадали Асқаров очиб ўрганган ва бу ерда бир қатор тадқиқотлар ўтказилган. Тадқиқотларга кўра, “Учтепа-2” ўрнида қадимги Хайлам шаҳри оташпарастлар ибодатхонаси жойлашгани аниқланди. Ибодатхона милодий VII-VIII асрларга қадар мавжуд бўлган. Қазишма ишлари вақтида роҳиб ва роҳибаларга тегишли суяк қолдиқлари, 50 дан ортиқ ўчоқ излари ҳамда сопол идиш синиқлари топилди.

“Учтепа-2” объектида ўтказилган археологик тадқиқотлар ибодатхона ёнғин оқибатида вайрон бўлганини кўрсатди. Руҳонийларга тегишли экани тахмин қилинаётган жасад қолдиқларида эса ўткир тиғли қурол билан етказилган зарба излари топилди. Ушбу топилмалар ва ёнғин излари ибодатхонада жанг олиб борилганини кўрсатиб турибди.

Мазкур тарихий объект келажак авлодга етиб бориши мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда “Учтепа-2” археология объекти консервация қилинди. Ушбу жойнинг девор ва том қисмларини иссиқ ва совуқдан сақлаш учун изоляция олиб борилиши ва объектда доимий бир хил ҳароратни сақлаш мақсадида совутиш ва иситиш ускунаси ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА