“Баркамол авлод” спорт мажмуасида аралаш жанг санъати (MMA) бўйича катталар ўртасида Наманган вилояти чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда соҳа мутасадди раҳбарлари иштирок этди. Маросимда вилоят ҳокими мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ёшлар ўртасида MMA спорти тобора оммалашаётгани, ўтказилаётган мусобақалар натижасида бу спорт тури билан шуғулланувчилар сони Наманганда ҳам кескин ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, чемпионат MMA спорт турини янада ривожлантириш, вилоят жамоасини маҳоратли спортчилар билан тўлдиришга хизмат қилишини қайд этди.


Мусобақа доирасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган кучли спортчилар вазн тоифалари бўйича ғолиблик учун кескин ва шиддатли беллашувлар олиб бордилар.


Чемпионат иштирокчилар учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар бир жангда маҳорат, стратегия, жисмоний тайёргарлик ва ирода синувдан ўтмоқда. Мусобақа юқори савияда ташкил этилган бўлиб, ҳакамлар ҳайъати, тиббий хизмат ва хавфсизлик чоралари тўлиқ таъминланди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор спортчилар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА