Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда масжиднинг янги биносига тамал тоши қўйилди
20:42 / 2021-06-15

Ташриф давомида муфтий ҳазратлари Наманган шаҳрининг Янги йўл маҳалласи ҳудудида жойлашган «Мирёқуббой-Мирҳакимбой» жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиб берди.

Мутахассислар билан учрашувда, қурилаётган бинони мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, бунёдкорлик ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш, атрофларини обод ва кўркам этишга алоҳида урғу қаратиш борасида муҳим тавсиялар билдирилди.

– Ишонаманки, диёримизда қурилаётган масжидлар тинчлик-осойишталигимиз, халқимиз фаровонлигига, юртимизнинг равнақида ўз ўрнига эга бўлади, – деди муфтий Усмонхон Алимов. – Тез кунларда ушбу масжид қад ростлайди ва намозхонларга хизмат қилади.

Уламоларнинг хизмат сафари давомида Наманган, Чуст, Поп, Давлатобод, Косонсой каби вилоятнинг шаҳар ва туманларида, олис ва чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари ҳамда «Ҳидоя» ўрта махсус, ислом билим юртида талабалар билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар иштирокида жоме масжидларда ахлоқий-маънавий суҳбатлар ўтказилмоқда.

Хусусан, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқатлар, диний-ахлоқий, маърифий китоблар ҳамда эҳтиёжларига кўра, маиший буюмлар тақдим этилди.

Ушбу мулоқот ва тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА