English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда маҳорат мактаби ташкил этилади
17:10 / 2025-12-12

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини турли касб-ҳунар йўналишларига жалб этиш ва шу орқали уларнинг бандлигини таъминлашда хорижий давлатлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ўз самарасини бермоқда.

Наманган вилоятида Қатар-Ўзбекистон маҳорат мактабини ташкил қилиш бўйича Доҳа шаҳрида Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамда Доҳа фан ва технология университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ҳозирги кунда Наманган туманидаги “Олахамак” касбий кўникмалар маркази негизида мазкур халқаро мактабни очиш юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. 

Айни мақсадда юртимизга ташриф буюрган “Qatar Manpower Solutions Company (Jusour)” компаниясининг бош директори Абдулҳадий Баҳит Барқан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан учрашди. Қатар ҳукуматига тегишли давлат рекрутинг (ишчи кучини жалб қилиш) агентлиги ҳисобланган “Jusour” сўнгги йилларда республикамиз Миграция агентлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган. 

Мазкур келишув доирасида ўзбекистонлик мутахассислар туризм, ахборот коммуникация технологиялари, тиббиёт, меҳмонхона бизнеси каби йўналишларда араб мамлакатида ишга жалб этилиши кўзда тутилган. Расмий учрашувда ўзаро ҳамкорлик доирасидаги ишларнинг бориши муҳокама қилинди. Жараённи тезлатиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. 

Қайд этилганидек, қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида пайвандлаш, электрик, сантехник ва кексаларни парваришлаш йўналишларида фуқароларни касбга ўқитиш ҳамда уларга Американинг қурилишга ўқитиш ва тадқиқотлар миллий маркази – “Nccer” сертификатларини бериш режалаштирилган. 

Таъкидлаш лозим, айни вақтда Қатар-Ўзбекистон маҳорат мактабида ишлаш истагини билдирган, техник малакага эга ва инглиз тилида мулоқот қила оладиган 15 нафар мутахассис танлаб олиниб, улар Доҳа фан ва технология университети касбий кўникмалар марказида қайта тайёрловдан ўтмоқда. 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.