Пилла деҳқончиликнинг ҳандалаги ҳисобланади. Наманган вилояти пиллакорлари баҳорги пилла етиштириш мавсуми – “Чилги ҳосил”ни йиғиштириб олишни бошлашди.
Пилла терими олдидан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Мухтор Ҳакимов “кумуш тола” етиштиришда вилоятда пешқадам туман саналган Нориндаги “Norin agropilla” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Хирмонга барака тилаб, етиштирилган ҳосил тарозига қўйилди. Норинлик фаол ва меҳнатсевар пиллакорларнинг ипак қуртини парваришлашдаги ютуқлари эътироф этилди.
Мавсум давомида ҳар бир килограмм пилланинг пули тарозининг устида нақд кўринишида берилади. Юқори ҳосилдорликка эришган пиллакорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб борилади. Наманган вилояти қоракўлчилик ва пиллачилик ҳудудий бошқармаси бошлиғи, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи” фахрий унвони соҳиби Раҳбархон Явминованинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, жорий йилда наманганлик пиллакорлар томонидан 37 минг 174 қути ипак қурти парвариш қилиниб, 2 минг 156 тонна пилла ҳосили олинади. Соҳа ривожи ортида 100 мингдан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланади.
Қолаверса, давлатимиз раҳбари берган зўр имконият ёрдамчи-ишчи сифатида ипак қурти боққанларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, шунингдек, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг мавсум даврида бир йиллик иш стажи ҳисобланиши катта имтиёз бўлди. Бу имтиёз, албатта, пиллачиликни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланиб, кўзланган натижаларга эришилмоқда. Таъкидлаш жоизки, пиллачиликда ўзига хос мактаб яратган Норин тумани пиллакорлари 3 минг 522 қути ипак қурти парваришлаб, 204 тоннадан зиёд “кумуш тола” ҳосили олишни режалаштиришган. Айни вақтда 140 та фермер хўжалиги ва 100 нафар касаначилар томонидан ипак қурти парваришланмоқда. Маълумот ўрнида, вилоятда ўтган йилги мавсумда 35 минг 351 қути ипак қурти парваришланиб, жами 2030 тонна пилла, ҳар қутидан ўртача 57,4 килограммдан “кумуш тола” етиштирилган ҳамда шартномавий режа 101 фоизга бажарилган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА