Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда Корея таълим дастури оммалашади
14:10 / 2022-05-21

Наманганда Корея Республикасининг Ёджу техника институти вакилларининг олий таълим қамрови масалалари бўйича тақдимот маросими ўтказилди.

Тадбирда вилоятдаги умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари, устоз муаллимлар, Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари иштирок этди. Унда “World Edupia corporation” компанияси бош менежери Кореянинг Ҳангкёнг миллий университети халқаро ҳамкорлик бўйича директори, профессор Сул Мин Син ва халқаро ҳамкорлик бўйича директор ўринбосари, профессор Лим Сеунг Вон, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти проректори, профессор Каримжон Аҳмаджонов қатнашди.

Тадбирда наманганлик ёшларни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ва Кореянинг Ҳангкёнг миллий университети ҳамкорликда “2+2”, “3+1” форматида олий таълимда таҳсил олишга ҳамда бу борада лойиҳалар асосида кўмаклашишга тайёрлиги тақдимотлар воситасида тушунтирилди.

– Корея – бугунги кунда техника, ишлаб чиқариш ва таълим соҳалари жадал тараққий этган дунёдаги ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жаҳонга донғи кетган “LG” ва “Samsung” компаниялари бунга ёрқин мисол бўлади олади, – дейди Кореянинг Ҳангкёнг миллий университети халқаро ҳамкорлик бўйича директори, профессор Сул Мин Син. – Ваҳоланки, бизнинг мамлакат бундан 70 йил аввал барча соҳаларда орқада қолиб кетган эди. Ҳозирги даражага эса фақат илм-фан ва таълимга эътибор қаратиш орқалигина эришилди. Айни кезда Учинчи Ренессанс сари одимлаётган Ўзбекистонда таълимни давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бизнинг мақсадларимизга ҳам муштарак келади.  

Тақдимотда қайд этилганидек, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 декабрдаги 1007-сон қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, таълим хизматларини кўрсатиш учун барча лицензияларга эга. Мамлакатимиз ҳудудида институт томонидан берилган диплом тўлақонли тан олинади. Ушбу олийгоҳ жорий йилда Ўзбекистондаги нодавлат олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб, “Kazasee” ва “Iqaa” агентликларининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатларга эга бўлди. 

Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида 30 та, унинг Наманган шаҳридаги филиалида 16 та таълим йўналиши бўйича  таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвийлигини таъминлаш асосида юқори малакали замонавий кадрлар тайёрланмоқда. Ўқув дастурлари Кореянинг “Топ 10” талигига кирган нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилади. Мутахассисликлар орасида бизнес, педагогика, техника, тиббиёт ва хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш катта эканини таъкидлаш жоиз. 

Институт ўз фаолиятини Европа ва Осиёнинг етакчи олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, таълим жараёнига Буюк Британия,  АҚШ,  Бельгия,  Жанубий Корея,  Саудия Арабистони ва бошқа давлатлардан келган халқаро профессор-ўқитувчилар кенг жалб қилган. Корея делегацияси вакиллари ташрифнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг Наманган филиалида бўлиб, бунёдкорлик ишлари ва таълим жараёни билан яқиндан танишди. Филиалда таҳсил олаётган талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, фойдали маслаҳатлар берилди. 

Ташриф якунида Янги Ўзбекистоннинг баркамол авлодларини муносиб тарбиялаш, таълим сифатини юқори даражага олиб чиқиш, етук салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашда “World Edupia corporation” компанияси ва Корея Республикасининг Ҳангкёнг миллий университети билан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

[gallery-7200]

Оқилхон Дадабоев, 
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.