Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда “Карго” тизими йўлга қўйилади
19:54 / 2024-09-11

Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланаётган тадбиркорлар товарларини хорижга экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг шу йил март ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида “Namangan xalqaro aeroporti” масъулияти чекланган жамиятни давлат хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш лойиҳасини амалга ошириш вазифаси юклатилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан инвесторлар билан ўтказилган музокаралар ва эришилган келишувлар натижасида ушбу лойиҳани “Namangan air solution” корхонаси қисқа муддатда амалга оширадиган бўлди. Шу муносабат билан водий ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропортида тадбиркорлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида хайрли ишга “оқ фотиҳа” берилди. 

[gallery-19224]

Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов водий вилоятлари орасида биринчи бўлиб татбиқ этиладиган тизимнинг вилоят иқтисодий ҳаётида, айниқса, экспорт салоҳиятини оширишдаги аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. Қайд этилганидек, ҳозирги кунда Наманган вилоятида 560 дан ортиқ маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳамда етиштирилган мева-сабзавотлар дунёнинг 65 давлатига экспорт қилинмоқда. 

Етиштирилган серҳосил меваларимизга хорижда тобора талаб ортиб бормоқда. “Карго” тизими орқали яна 22 давлат бозорига кириб борилади ва экспорт қилиш 90 мамлакатга етказилади. Бугунги кунда вилоятда 1,8 миллион тонна мева маҳсулотлари, шундан, 40 минг тонна ўрик, 45 минг тонна гилос, 120 минг тонна олхўри, 130 минг тонна олма каби экспортбоп мевалар етиштирилади. Биргина жорий йилда етиштирилган 25 минг тонна гилос дунёнинг етти давлатига экспорт қилинган бўлса-да, амалда бу маҳсулотга қизиқиш билдирган мамлакатларга ёзги неъматни қисқа муддатда сифатли етказиб беришда қийинчиликлар бор эди. 

Эндиликда маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқишда ҳаво транспорти орқали сифатли етказиб бериш тизимининг йўлга қўйилиши, экспорт ҳажми кўпайиши, экспортёр корхоналар сонини ортишига хизмат қилади. 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.