Шу йил 15 июнь куни соат 19:40лар чамасида Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Навбаҳор маҳалласи, “Ғалаба” кўчасида яшовчи вояга етмаган қиз каналга ўзини ташлайди.
Шу яқин орада жойлашган “Намангандон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига қарашли “Чортоқ уруғлик дон қабул қилиш шохобчаси”да “Ғалла-2021” ўрим- йиғим мавсумига жалб этилган ёнғин ўчириш автомобилида хизмат қилаётган туман фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчи-ҳайдовчиси Нодир Асқаров ва ёнғин-қутқарувчиси Мирзоҳид Эркинов томонидан ушбу ҳудуддан ўтган “Катта Наманган” каналида ёш қизни оқиб кетаётганини кўриб қолиб, зудлик билан қутқариб олишади.
Сувдан олиб чиқилган қизалоққа шу заҳотиёқ биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва у туман марказий шифохонасининг тез тиббий бўлимига олиб борилди. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларининг шижоати, тезкорлиги ва зудлик билан ёрдамга ошиққани натижасида бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Айни пайтда сувдан қутқариб олинган қизалоқнинг саломатлиги яхши аҳволда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА