ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш, дастурчиларни қўллаб-қувватлаш, рақамли иқтисодиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳар бир вилоятда IT-Park филиаллари ва ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Хусусан, Наманган вилоятида фаолият юритаётган IT-Park резидентлигига қабул қилинган компаниялар ҳам қисқа вақт ичида 15 тага етди.
Ҳозирги кунда вилоят даражасидаги ёш дастурчиларнинг ойлик даромади 500-1500 АҚШ долларини ташкил этаётган бўлса, тажрибали дастурчиларнинг даромади 2500-5000 АҚШ долларигача бўлмоқда. Эътиборлиси, вилоятдаги марказларда ҳам даромадга кирган ёш дастурчилар кўпчиликни ташкил этади.
[gallery-9133]
Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани”да фаолият бошлаган “IT-Park University” рақамли университетининг филиали соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Университет биринчи онлайн тарзда фаолият олиб борувчи муассасалардан ҳисобланади. Қолаверса, филиалда фондейшн курслари ҳам ташкил этилиб, бу ёшларнинг олий ўқув юртига тайёрланиши ва бир вақтнинг ўзида хорижий мақомда сертификат олишига замин яратади.
Бугунги кунгача вилоят ҳокимлиги ва “IT-Park university” раҳбарияти ўртасида йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилган бўлиб, бу борада ҳокимлик томонидан ижобий ишлар амалга оширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА