Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг Тўрақўрғон тумани бўлими иш юритувидаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида сифати кафолатланмаган, яширин цехда ишлаб чиқарилган 1 минг 130 литр пахта чигитидан олинган мой маҳсулоти йўқ қилинди.
Қайд этилишича, Тўрақўрғон туманидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Б.М. “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган жамиятда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ҳеч қандай ҳужжатларсиз яширин цех ташкил этиб, пахта чигитидан қўлбола усулда ёғ ишлаб чиқараётгани аниқланган.
Ўтказилган тадбир давомида пахта чигитидан ишлаб чиқарилган ёғ маҳсулоти ва ускуналар ашёвий далил деб топилиб, жиноят ишига қўшилган. Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган суд ҳукми билан фуқаро Б.М.га Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинланган. Бундан ташқари суд ҳукмида 1 минг 130 литр пахта чигит ёғи истеъмолга яроқсиз, деб топилган ва йўқ қилиш белгиланган.

Куни кеча мазкур ижро ҳужжатини таъминлаш мақсадида йўқ қилиш тадбири ўтказилди. Унда маҳсулот кўздан кечирилиб, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги туман бўлимлари вакиллари иштирокида марказий чиқиндихонада белгиланган тартиб асосида йўқ қилинди.
МИБ Тўрақўрғон тумани бўлими бошлиғи Шавкатжон Абдуллаевнинг маълум қилишича, Бюронинг иш юритувига жорий йилнинг олти ойи давомида жами 31 та йўқ қилиш билан боғлиқ умумий қиймати 72 миллион сўмлик ҳужжатлар келиб тушган. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида алкоголь, тамаки каби ўндан ортиқ турдаги маҳсулотлар йўқ қилинган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА