Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерация томонидан ижтимоий шериклик асосида барпо этилган “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Наманган вилояти нуронийлар кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Зиёвуддин Мансуров, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов сўзга чиқиб, янги мажмуанинг ишга тушиши ёш авлодга зиё улашиш, маънавий-маърифий, ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Қолаверса, мазкур эзгу ташаббус жамиятда китоб мутолласи ва китобхонлик маданиятини юксалтириш, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Бешта муҳим ташаббус”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятида биринчи бўлиб, замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга ва 5 мингдан ортиқ китобга эга бўлган “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплекси тўрақўрғонликлар учун муносиб совға бўлди. Мажмуадан жой олган “Истеъмолчи қабулхонаси”да эса, истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилинади.
“Истеъмолчи кутубхонаси” фондидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, истеъмолчилик муносабатларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, юртимизда нашр қилинадиган қизиқарли ва ижтимоий-сиёсий газета-журналлар ўрин олган.
Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш мақсадида федерация ва Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 16 турдаги юридик адабиётлар туркуми ҳам тақдим этилади. Илк бора 100 минг донадан иборат электрон китоблар базаси шакллантирилиб, унда ўқувчиларни пандемия шароитида уйидан туриб, китобларни буюртма қилиш ва электрон шаклда арзон нархда масофадан туриб харид қилиш мумкин.
Шунингдек, кутубхонада замонавий “Bооk cаfе” ва бепул “Wifi” тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш, харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмаси ўрнатилди.
Мажмуада ҳамкор шерик – тадбиркор Ҳасанбой Бозоров томонидан бешта муҳим ташаббус доирасида хотин-қизлар учун чеварликка ўргатиш маркази, мактабни тугатиб, бироқ ишсиз юрган ёш йигитлар учун эса ҳунармандчилик бўлими, фотостудия ташкил этилди. Бундан ташқари, ҳозирда ёш фарзандларимиз катта қизиқиш билдираётган миллий чолғу асбобларини ясаш ва ўргатиш бўлими ҳам иш бошлаш арафасида. Маълумот ўрнида, “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” айни пайтда Наманган вилоятининг олтита ҳудудида барпо этилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА