ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманганда бўлиб, инвестиция дастурлари ижроси билан танишди.
Дастлаб ишчи гуруҳ “Ифтихор кийим саноати” МЧЖ томонидан барпо этилаётган пахта хомашёсидан ип-калава тайёрлаш, тўқув, бўяш, тикув ва деним-нон деним ишлаб чиқариш комплексига ташриф буюрди.
Вилоят саноат ишлаб чиқаришида ўз мавқеига эга бу корхона янги комплексни 17 гектар майдонда барпо этмоқда. Қиймати 181 миллион, шундан банк кредити 126 миллион, ўз маблағи ҳисобидан 54 миллион евро бўлган ушбу лойиҳа туфайли 3 минг киши бандлиги таъминланади.
Навбатдаги манзил Поп тумани бўлди. Туманда “Tepelen Group Holding Limited” компанияси томонидан амалга оширилаётган йирик қувватли қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳаси доирасидаги ишлар билан яқиндан танишилди. Умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳага кўра 1 ярим мингта иш ўрни яратилади.
[gallery-12806]
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари ҳамда Наманган вилоят ҳокими Поп тумани Анҳор маҳалласи ҳудудида бўш турган бино-иншоотларидан самарали фойдаланиш учун қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг бўлган янги истиқболли лойиҳалар юзасидан тадбиркорлар билан учрашди.
Ишчи гуруҳ Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида бўлиб, муассаса фаолиятини ўрганди.
Наманган вилояти тадбиркорларининг йирик лойиҳалари тақдимоти ва уларни амалга ошириш йўлида учраётган муаммоли масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандликни таъминлаш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Очиқ мулоқот асносида тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар, таклиф ва ташаббусларни ўз вақтида ҳал қилиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА