Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда илмий-амалий анжуман
07:37 / 2025-06-11

Наманганда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида “Перинатал ёрдам самарадорлигини ошириш технологиялари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг ярим асрлик юбилейи муносабати билан ташкил этилган анжуманда юртимиздаги етакчи соғлиқни сақлаш муассасаларининг таниқли мутахассислари билан биргаликда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасининг етакчи тиббиёт марказлари вакиллари иштирок этди.

Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, республика Ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наталья Нодирхонова Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатида устуворлик касб этаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда тиббиётни ислоҳ қилиш жараёнида соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Тизимга илғор даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологиялар кенг татбиқ қилинмоқда. Бирламчи ва малакали тиббий хизматлар аҳолининг кенг қатламларига етиб бормоқда.

Айниқса, оналик ва болалик ҳимояси йўналишидаги ишлар кўлами ортмоқда. Бунда замонавий болалар шифохоналари, туғруқ комплекслари барпо этиш, тизимни энг такомиллашган асбоб-ускуналар, жиҳозлар билан таъминлаш ҳажми кенгаймоқда. Жумладан, Наманган вилоятидаги бир қатор туғруқ комплекслари хорижда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги тиббий технология воситалари билан тўлдирилгани эътиборга молик. 

Анжуманда тиббий хизматлар сифатини таъминлашда халқаро ёндашув асосида аккредитация, сертификация, лицензиялаш, беморларнинг глобал хавфсизлигини таъминлаш, аёлларнинг репродуктив саломатлиги борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида сўз борди. 

Шунингдек, Наманган вилояти шароитида акушерлик қон кетишида тиббий ёрдам оптимизацияси, оналарга тиббий ёрдам сифатини оширишда клиник протоколларнинг ўрни, мамлакатимизда бачадон бўйни саратони профилактикаси масалалари каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.