Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда ҳудудий дастурлар Президент Мурожаатномасидаги муҳим вазифалар асосида амалга оширилади
20:18 / 2021-01-15

Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг ўн олтинчи сессиясида Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурларни тайёрлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасига киритилган вазифаларни амалга ошириш, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да белгиланган соҳаларни янада ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўз юритди.

Ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилиб, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш ҳамда уларни муаммоли масалаларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш ишлари давом эттирилади. Вилоят иқтисодиётини ўстириш, энг аввало, рақобатбардош корхоналар сонини ошириш, кичик саноат зоналари ва янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, энг асосийси, лойиҳаларни амалга оширишда хорижий инвестицияларни кўпайтиришга эътибор қаратилади.

Сессияда Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар, тасдиқланган мақсадли дастурлар ижросини таъминлаш юзасидан барча зарурий чораларни кўриш юзасидан кўрсатмалар берилди. Қайд этилганидек, аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламларини ижтимоий муҳофаза этиш мақсадида жорий йил мобайнида тадбиркорлик, саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобидан 47 мингта янги иш ўрни яратилади.

Шаҳар ва туманлардаги энг оғир шароитдаги маҳаллалар ўрганилиб, улардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, хусусан, кўча ва йўлларни ободонлаштириш, коммунал хизматлар таъминотини яхшилаш каби саъй-ҳаракатлар учун вилоят маҳаллий бюджетидан 2021 йилнинг биринчи чорагида 23 миллиард сўм, жорий йил давомида жами 104 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Жорий йил давомида ҳам аҳолини тадбиркорликка қизиқтириш борасидаги амалий ишлар давом эттирилади ҳамда 6,5 минг бизнес субъекти ташкил этиш ва вилоятда уларнинг сонини 33 мингтага етказиш режалаштирилган. Уларнинг барқарор ва эмин-эркин ишлашига имконият яратиш мақсадида 6,4 триллион сўм маблағ сарфланади. Бугунги кунда Наманганда ишлаб чиқарилаётган тайёр кийим-бош маҳсулотларини нафақат ички бозор, жаҳон бозорида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва сифатига эгалиги Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Мурожаатномада алоҳида таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда келгусида вилоятда бу борадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида “Наманган текстиль” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

[gallery-814]

Жорий йилда вилоятда мактабгача таълим тизимида 21 минг нафар болани қўшимча қамраб олиш ва қамров кўрсаткичини 70 фоизга етказиш чоралари кўрилади. Бунинг учун 265 та оилавий боғча ташкил этилади. Қолаверса, давлат хусусий шерикчилиги асосида 14 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, учта мобиль боғча ва 218 та мажбурий мактабгача тайёрлов гуруҳи очилади.

Вилоятдаги олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун грантлар сони 2 баробарга оширилиб, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий этилади. Андижон давлат тиббиёт институти Наманган филиалини ташкил этиш ҳам доимий диққат марказда бўлади. Вилоят раҳбари шунингдек, спорт соҳасида аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида 2021 йил учун белгиланган ишлар, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш, она ва бола соғлиғи ҳамда ишбилармонлик ва тадбиркорликка эътиборни кучайтириш каби бир қатор масалаларга ҳам алоҳида тўхталди.

Аҳолининг велосипед ва пиёда ҳаракатланиши учун ҳудудларда 3 километрдан 5 километргача бўлган “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади, 151 та спорт иншооти таъмирланади. 154 та “стритбол” ва “воркаут”, “бадминтон” майдончалари барпо қилинади. Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида 10 та “оилавий шифокор” пункти ва 2 та қишлоқ оилавий  поликлиникаси, кейинги икки йилда 17 та “оилавий шифокор” пункти ва 5 та оилавий поликлиника ишга туширилади.

Сессия музокараларида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Мусохон Апақов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бошлиғи Шуҳратжон Мусаев ва бошқалар 2021 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни бажариш, бу борадаги юмушлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Депутатларни ўз сайлов округлари ҳудудидаги аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, ободонлаштириш, ёшлар тарбияси, аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга саховат кўрсатиш каби муҳим вазифаларга эътибор қаратишга чақирилди.

Шунингдек, сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, депутатлик корпуси иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи котибиятини ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва 5 кишидан иборат котибият таркиби сайланди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА