Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда ҳосил байрами
08:43 / 2026-01-03

Қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи. Президентимизнинг бу юксак эътирофи Наманганда соҳа фидойиларини шарафлашга бағишлаган тантанали тадбирда ҳам ўз ифодасини топди.

Янги йил муносабати билан арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, улоқ кўпкари мусобақаси ҳамда тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда шаҳар, туман ҳокимлари, тармоқнинг фидойилари, фахрийлар, илғор фермер ва деҳқон хўжаликлари меҳнаткашлари, агрокластерлар вакиллари, боғбонлар, чорвадорлар, пиллакорлар, сувчилар, ирригаторлар, агроном ва механизаторлар тегишли ташкилотлар мутасаддилари қатнашди.

Байрам муносабати билан Давлатобод туманида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамда вилоят фермерлар кенгаши томонидан ташкилланган ярмаркада барча туманларда саховатли заминимиздан мўл ҳосил олаётган азамат бободеҳқонлар томонидан етиштирилган, кундалик турмуш учун зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва мева-сабзавотлар арзонлаштирилган нархларда аҳолига етказиб берилди.

– Ярмаркада агрофирмалар, фермер хўжаликлари фаоллик кўрсатмоқда. Ниятимиз Янги йилда элимизнинг дастурхонига қуёшли юртимизда пишиб етилган маҳсулотларни етказиб беришдир.Агрофирмамизнинг бешта туманда жами 10 гектарлик 20 та иссиқхонаси бўлиб, уларда етиштирилган ўн бешдан ортиқ турдаги маҳсулотлар ўз харидорларини топди, – дейди Тўрақўрғон туманидаги “Кўклам замини” масъулияти чекланган жамият менежери Обидхон Нуриддинов. 

“Отчопар” мажмуасида вилоят ҳокимлиги соврини учун ўтказилган улоқ кўпкари мусобақасида Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент, Самарқанд каби вилоятлар ҳамда қўшни Тожикистон ва Қирғиз Республикасидан келган 400 дан зиёд моҳир чавандозлар скутер, туя, от, қўй, эчки, гилам, телевизор каби ғолиблик ютуқлари учун баҳслашди.

Мажмуадаги улкан майдоннинг байрам саҳнасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов ва вилоят санъат усталари ижросидаги концерт дастури “Ҳосил байрами”га кўтаринкилик бағишлади.

Ўзига хос байрам Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида “бир пиёла чой” дастурхони атрофида давом этди. Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни қўшалоқ айём билан табриклаб, кейинги йилларда аграр соҳада узоқни кўзлаган ҳолда амалга ошираётган туб ислоҳотлар тизимда салмоқли натижаларга эришишда муҳим омил бўлаётганлигини таъкидлади. 

Ўтган 2025 йилда Наманган вилоятида жами 2 минг 528 тоннадан зиёд пилла, 561 минг 685 тонна ғалла, 224 минг тоннага яқин пахта етиштирилди. Йил якуни билан ялпи қишлоқ хўжалиги ҳажми 39,6 триллион сўмни ташкил этиб, 104,6 фоизга ўсишга эришилди. Ҳар бир йўналишда тизимли иш ташкил этилгани, ер тайёрлашдан тортиб, ҳосилни йиғиштириб олиш жараёнигача масъулият ва уюшқоқлик билан ёндашилгани ўз самарасини берди. 

Таъкидлаш жоиз, қишлоқ хўжалиги мақсадида фойдаланиш учун ер майдонларини ўзлаштириш бўйича сўнгги етти йилда 45 минг гектар, шу жумладан 23,5 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти яхшиланиб, қайта фойдаланишга киритилди.

Боғ-токзорлар барпо этиш йўналишида 3,2 минг гектар мевали боғ ва узумзор барпо этилди. Кам ҳосилли, иқтисодий самарасиз 1,3 минг гектар боғ ва токзорлар реконструкция қилинди. Каналларни бетонлаштириш бўйича дастурга киритилган лойиҳаларда 42,3 километр каналларда реконструкция ишлари амалга оширилиши натижасида 34,6 минг гектардан ортиқ ер майдонларининг сув таъминоти ва 2,9 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Янги 2026 йилда ҳам улкан режа ва мақсадлар белгилаб олинган. Энг аввало, 4 минг гектар майдон ўзлаштирилиб, суғориладиган ерлар тоифасига ўтказилиши ҳисобига қайта фойдаланишга киритилади. 48 минг 898 гектар майдонга чигит экилиб, ҳар гектар майдондан ўртача 51,8 центнердан, жами 253 минг 510 тонна пахта хомашёси етиштирилади. Бунда, 30 минг гектарда Шинжон тажрибаси асосида қўшқатор томчилатиб суғориш усулида, 15 минг гектарида қўшқатор оддий плёнка усулида, 5 минг гектарида қўшқатор очиқ оддий усулда чигит экилади. 64 минг 410 гектар кузги бошоқли дон экинларини ҳар гектаридан 100 центнердан 644 минг 100 тонна дон маҳсулотлари етиштирилади. 14 минг 398 гектарда шоли экилиб, 69 минг 778 тонна, 32 минг 448 гектарда дуккакли экинлар экилиб, 65 минг 844 тонна дуккакли дон, 17 минг 866 гектарда картошка экилиб, 356 минг 220 тонна ҳосил олиш кўзда тутилмоқда. Тармоқ йўналишларида жами 50 600 дан ортиқ доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилади.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ соҳа фаоллари қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга кўтариш, соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, барча турдаги экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириб, эл-юрт фаровонлигини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссалари учун Наманган вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Оқилхон Дадабоев,

Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.