Вилоят марказидаги 11-мактабда бошланган тренинг машғулотлари ана шундай эзгу мақсадларни қамраб олди.
Наманганда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёдаги Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Ҳаётга қўшил!” дастури доирасида Фарғона ва Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган энг фаол жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳамда психологлар учун тренинг машғулотларига старт берилди.
Жисмоний тарбия ва спорт инсоннинг психологик, ижтимоий ва жисмоний соғлиғига ижобий таъсир кўрсатиши баробарида ҳар жиҳатдан етук камолотга ундайди. Ўз навбатида, спорт ва жисмоний тарбия билан мунтазам машғул бўлиш, айниқса, 13 - 18 ёшли болалар ўртасида йўлдан адашиб, боши берк кўчаларга кириб қолиш, жиноятчилик, зўравонлик ва наркотик моддалар истеъмол қилишни олдини олишда, соғлом ҳаёт кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Вилоят марказидаги 11-мактабда бошланган тренинг машғулотлари ана шундай эзгу мақсадларни қамраб олди.
Уч кун давом этадиган тренингнинг очилиш маросимида қатнашган БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Гулнар Кудайбергенова, Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий, тарбия ва мактабдан ташқари таълим бошқармаси бошлиғи Акбар Тоғаев, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражапов “Ҳаётга қўшил!” дастурининг мазмун-моҳияти хусусида тўхталдилар. Мазкур дастурни умумтаълим мактабларида тўғри ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА