Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Сенатнинг 2023 йил 14 мартдаги қарорларига асосан жорий йил 30 апрель якшанба куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига биноан умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 23 мартдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи округ комиссияларининг шахсий таркиби тасдиқланди. Жумладан, референдумни ўтказувчи 6-Наманган округ комиссияси 15 кишидан иборат таркибда ўз фаолиятини бошлади.

Давлатобод туманидаги вилоят маданият марказида 6-Наманган референдум округи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида дастлабки матбуот анжумани ўтказилди.

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида референдум ўтказувчи участкаларни тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилган йиғилиш аввалида, 6-Наманган референдум округи комиссияси раиси, Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғунов Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 16 март кунги мажлисида референдумни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараси доирасида 14 та референдум округи тузиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, референдумга оид қонунчиликка мувофиқ референдум ўтказувчи округ комиссияси аъзолари Халқ депутатлари вилоят Кенгаши тавсияси асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади. Айни шунга кўра, Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 6-Наманган округ комиссияси аъзолигига номзодлар тавсия этилган эди. Сессияда сайлов ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда етарли иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор топган фуқаролар орасидан 15 нафар аъзо ва улар орасидан комиссия раиси, ўринбосари, котиби маъқулланган эди. Округ комиссияси аъзоларини саралаш ва тасдиқлашда гендер тенгликка алоҳида урғу қаратилди. Яъни, округ аъзоларининг 8 нафари хотин-қизлардан иборат.
Округ комиссияси аъзолари ўз фаолиятини бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқишдан бошлади. Энг аввало, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича календарь ҳамда иш режаси тасдиқланди. Комиссия аъзоларининг вазифалари тақсимланиб, референдумга тайёргарлик кўриш даврида округ сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвали белгиланди.
Йиғилишда округ ҳудуди бўйича референдум участкаларининг жойлашуви юзасидан Наманган вилоятидаги 1 та шаҳар ва 13 та туманда жами 831 та референдум участкаси ташкил этилгани, унинг жойлашган биноси, участка чегаралари маълум қилинди. Эътиборлиси, участкаларнинг 650 таси, бошқача айтганда 78 фоизи умумтаълим муассасаларига қарашли биноларга жойлаштирилади. Бу ҳақида округ комиссияси аъзолари шаҳар-туманлар кесимида тушунчалар берди.
Йиғилишда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тақдимномалари маълумот учун қабул қилинганлиги айтиб ўтилиб, референдум ўтказувчи 6-Наманган округи ҳудудида ташкил этилган референдум участкаларини тузиш, шунингдек, уни матбуот нашрларида ёритиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни кенг ёритиш, ОАВ билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида округ биносида тажрибали журналистлардан иборат матбуот маркази йўлга қўйилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 6-Наманган округ комиссияси раиси Собитхон Турғунов оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА