Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда “Халқаро космонавтлар куни” нишонланди
07:45 / 2024-04-12

Фазога парвоз қилган биринчи инсон сифатида космонавт Юрий Гагарин номи тилга олинади. Унинг илк тарихий парвози 1961 йилнинг 12 апрелида амалга оширилган. Айни шу сана бутун жаҳон миқёсида “Космонавтлар куни” сифатида нишонланади.

Наманган давлат университетининг физика факультети томонидан олий ўқув юрти талабалар тураржойида мазкур халқаро сана муносабати билан ташкил этилган тадбир ёшларнинг космик билимларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди.

Тадбир аввалида таъкидлаб ўтилганидек, фазога парвозларда бизни хурсанд қиладигани ва кўксимизни ғурурга тўлдирадигани факт космонавтика соҳасида  ўзбек номи ҳам эътироф этилганидир. Қирғиз Республикасида яшовчи, келиб чиқиши ўзбек бўлган фазогир Солижон Шарипов икки марта фазога чиққан. У илк бор 1998 йил 23 март куни космосга учиб, ўн кунга яқин фазода бўлган. Иккинчи космосга сафар 2004 йил 14 октябрда амалга оширилган. Мазкур парвоз 193 кун давом этган. Солижон Шарипов 2008 йилда космонавтлик фаолиятини якунлаган.

–Куллиётимиз эллик йилдан зиёд тарихга эга бўлиб, 1972 йилда ташкил этилган. Табиий фанлар, физика-техника, физика-математика, умумтехника фанлари ва бадиий графика сингари номларда фаолият кўрсатиб келган факультетимиз 2020 йил октябрдан буён алоҳида, мустақил номда юритилмоқда, – дейди Наманган давлат университети физика факультети декани Одина Исмонова. – Ҳозирги кунда факультетимизда иккита кафедра мавжуд. Факультетимизда физика бакалаврият ҳамда физика (йўналишлар бўйича), яримўтказгичлар физикаси, қайта тикланувчи энергия манбаалари ва барқарор атроф-муҳит физикаси мутахассислигини берувчи магистратура йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда.

Бугунги кунда факультетда 26 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб бориб, уларнинг 11 нафари фан номзоди ва доцент, олти нафари фалсафа доктори ва тўққиз нафари катта ўқитувчи ва ўқитувчилардир. Кундузги таълим йўналишида 344 нафар, кечки таълим йўналишида 154 нафар, магистратура мутахасисликлари бўйича эса 26 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия,  илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида физика факультети профессор-ўқитувчиларининг Наманган вилоятидаги учта ҳудудда ташкил этилган физика фани тўгараклари ва маҳорат марказларида мақсадли ишлаш тизими йўлга қўйилган. Масалан, Наманган шаҳридаги 10, 16, 22-мактаблар, Косонсой туманидаги 12-мактаб, Янгиқўрғон туманидаги 17-мактабда факультетнинг 13 нафар профессор-ўқитувчиси физика фани ўқитувчиларига методик ёрдам сифатида муаллимларнинг педагогик салоҳиятини ошириш, ўқитишнинг янги методикаларини жорий этиш, фанлардан билиш даражасини ривожлантиришга йўналтирилган услубий қўлланма, услубий кўрсатма яратиш, физикадан масалалар ишлашга кўмаклашишга қаратилган маҳорат дарсларини ўтмоқда. Қолаверса, ўқитувчилар Норин туманидаги маиший хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми, Уйчи туманидаги жисмоний тарбия ва спорт техникуми, Тўрақўрғон туманидаги агросаноат техникумига ҳам бириктирилган.

Физика факультети биноси 2019 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлиб, Германиядан келтирилган замонавий ўқув-лабораториялари билан жиҳозланган. Ҳозир механика, молекуляр физика, электр ва магнетизм, оптика, радиоэлектроника, электротехника лабораториялари ҳамда виртуал лаборатория хонасида талабалар олган назарий билимларини амалда ўрганиб, тажрибалар асосида такомиллаштириб боришмоқда.

Профессор-ўқитувчи ва талабалар сўнгги йилларда турли соҳалар бўйича қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, сўнгги уч йил ичида тўрт нафар профессор-ўқитувчи физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эришди. Ўн нафар профессор-ўқитувчи таянч докторантурага кириб, факультет илмий салоҳиятига ҳисса қўшиш учун илмий изланишлар олиб бормоқда.

Инновация соҳасида эришилган ютуқлар ҳам таҳсинга сазовор. Жумладан, ўқитувчи Улуғбек Турдалиев Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Бўлажак олим” танловида ўзининг “ECO ROBOT B1” лойиҳаси билан илмий ғоя йўналишида ғолиб чиқиб, 19 миллион сўмлик мукофотга эга бўлди. Талаба Дилфуза Абдусатторова “TECHNOWAYS" технологик ривожланиш марафонининг олий ўқув юртлари босқичида биринчи ўринни эгаллаб, базавий стипендия миқдорининг уч баробари миқдоридаги мукофот ҳамда танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида юртимиз миқёсида ташкил этилган “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловида 41 нафар истеъдодли талаба ўзининг илмий- инновацион ғоя ва лойиҳалари билан фаол қатнашди. Айни вақтда туман босқичи натижларига кўра, 15 нафар талаба вилоят босқичига йўлланма ва жами 25,5 миллион сўм мукофотга сазовор бўлди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири