Гуллар шаҳри – Наманганнинг бренди ва ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган гуллар байрами ярим асрдан кўп вақт давомида ўтказиб келинмоқда.
Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, жорий йилда ўн беш кун, яъни 22 майдан 5 июнгача 61-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Наманган шаҳрида ўтказиладиган гуллар байрамини юқори савияда ташкил этиш вазифаси топширилди.
Кейинги йилларда вилоятда гулчиликни саноат даражасига олиб чиқиш чоралари кўрилди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори тармоқ ривожида янги бурилиш ясади. Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани гулчиликка ихтисослаштирилиб, алоҳида кластер ташкил этилди. Унда истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтирилган илмий-амалий марказ шакллантирилди. 10 сотихли иссиқхонада йил давомида олиб бориладиган машғулотларга барча ёшдаги ҳаваскорлар жалб этилиб, бир ярим ойлик сабоқдан сўнг махсус сертификат олмоқда.
Наманган вилояти гулчилар ассоциацияси раиси Обидхон Қодировнинг айтишича, уч гектар майдонда барпо этилган замонавий иссиқхонада 52 турда 4 миллион туп гул етиштирилмоқда. Парвариш ва селекция ишлари олиб борилиши натижасида 70 га яқин кишининг бандлиги таъминланди. Туркиядан таклиф қилинган мутахассис Элдар Йилмас халқаро тажрибаларни ўзлаштиришда яқиндан кўмаклашаётир.
Халқаро даражадаги фестивалда аҳолига, қолаверса, хориждан ташриф буюрадиган меҳмонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Байрамнинг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудудида шаҳар, туманлар ҳокимликлари ва бошқармалар профессионал ҳамда ҳаваскор гулчилар, яъни “Гулчилар ассоциацияси” фаоллари билан биргаликда гул композициялари намойиши учун ҳозирлик кўрилди.
– Нафосат фестивалида 50га яқин гул навидан 20 миллиондан ортиқ турфа хил гуллар ландшафтлар асосида экилди, – дейди Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари Акбаржон Домлажонов. – Биргина, Бобур хиёбонининг ўзида 10 миллион гул кўчатлари экилиб, ўзига хос дизайнли декорациялар тайёрланди. Қолаверса, шаҳар кўчалари турфа хил инсталляциялар билан ҳам безатилмоқда.
Наманган азалдан атиргуллари билан машҳур. Бежизга гул байрамининг белгиси этиб қизил атиргул танланмаган. Гуллар шаҳри кўча ва хиёбонларидаги ноёб турдаги атиргулларнинг барқ уриб очилгани кишини беихтиёр самовий ҳислар сари етаклайди.
61-Халқаро гуллар фестивалига Норин тумани ҳокимлиги ҳамда профессионал гулчилари биринчилардан бўлиб киришган. Норин тумани учун ажратилган махсус майдонда икки дарё оралиғида жойлашган ҳудуднинг тимсолларини ўзида мужассам этувчи Норин дарёси ва унинг бўйидаги гуллар композицияси ўрин олган.
– Гуллар байрамида туманимиз иккинчи маротаба жамоа сифатида иштирок этмоқда, – дейди Норин тумани ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Мағфиратхон Мирзааҳмедова. – Жорий йилги байрамга биринчилардан бўлиб тайёргарлик кўрдик. Бизга ажратилган жойда Шафран, Салвия, Зина, Бегоня, Вирбиня, Баргитомоша, Катакактус, Эсмералда, Календула, Герань сингари 20 дан ошиқ турдаги 100 минг туп гул экдик. Гулларни доимий сақлаб туриш мақсадида сув идиш ва сув насос ўрнатдик. Тунги ёритиш ускуналари билан жиҳозлангани эса оқшомда келувчиларга эстетик завқ улашади. 70 нафар ишчи-ходим фестивални халқимиз ва меҳмонларга манзур бўладиган ҳолда тайёрлаш йўлида астойдил меҳнат қилди.
Гул билан безатилган 200 дан зиёд машиналар иштирокида “Гул паради” учун автокарвон ҳам тайёрланмоқда.
Наманган вилояти Туризм ва маданий мерос бошқармасидан маълум қилинишича, Халқаро гуллар фестивалини томоша қилиш учун 30 дан ошиқ мамлакатдан 1 миллион 500 мингдан зиёд меҳмонларнинг ташрифи кутилмоқда. Айни вақтда вилоятдаги 25 та меҳмонхона 2 минг 500 дан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Яна 5 та меҳмонхона байрам кунлари очилиши режалаштирилган. Наманган шаҳри ва шаҳарга туташ туманларда жойлашган оилавий меҳмон уйларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Гуллар байрами кунлари миллий санъатимиз ва маданиятимиз тарғиботига йўналтирилган турли концерт-томошалар билан янада шавқли кечади. Бу борада вилоят маданият бошқармаси томонидан пухта ҳозирлик кўрилди. Бобур боғи, “Афсоналар водийси” тематик парки ва вилоят мусиқали драма театри олдида ўрнатиладиган саҳналарда шоирлар, ёзувчилар, цирк усталари, эстрадаси хонандалари ва фольклор-этнографик халқ ансамблларининг чиқишлари намойиш этилади. Ўзбекистон халқ артисти, Наманган элининг суюкли ҳофизи Камолиддин Раҳимов хотирасига бағишлаб “Камолиддин издошлари” номли Республика кўрик-танлови ўтказилади.
Ҳар йили Халқаро гуллар фестивалининг фаол иштирокчилари муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Бу галги байрам тантаналари якунида фестивалда корхона-ташкилотлар ва гулчилар 12 та номинация бўйича тақдирланади. Олий ўринларга сазовор бўлганларга эса автомобиллар тақдим этилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА