Наманганда гуллар байрами қандай пайдо бўлган?
Наманган шаҳридаги маданият ва истироҳат боғи ўрнида қадимда Гулзор маҳалласи бўлган.
Наманган шаҳридаги маданият ва истироҳат боғи ўрнида қадимда Гулзор маҳалласи бўлган. Маҳалла фуқаролари гулчиликнинг ҳадисини олган эди. Гулоб, гул шарбати, гул қанд, гул асали тайёрлаб сотарди. Гулнинг барг ва илдизларидан шифобахш дамламалар тайёрланар эди. Маҳалланинг гулчиликдаги довруғи Қўқон хони Худоёрхонга етгач, у Наманган шаҳрига келиб, мадраса қурдириш учун айнан Гулзорни танлайди. Аҳолини кўчириб, бинолар бунёд эттиради.
Бироқ 1875 йилнинг октябрь ойида рус қўшинлари Наманган шаҳрига кириб, мадрасани ўзларига қалъа сифатида танлайди. Энди бу маскан уезд бошлиғининг боғи сифатида ривожлантирилади. Боғ 1920 йилда янги ташкил этилган маҳаллий ҳокимият ихтиёрига берилгач, бу жойда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилган.
1961 йилнинг 24-27 август кунлари Наманган шаҳрида илк бор гул кўргазмаси ташкил этилиб, у байрам сифатида анъанага айланди. Йилдан-йилга ривожланиб, тараққий этиб борди. Кейинги уч йил ичида боғ, гулчилик, гуллар фестивали мисли кўрилмаган даражага кўтарилди. Ҳатто, турнақатор гуллар карвони ташкил этилди.
Карантин тартиби бу вақтгача якунланса, жорий йилда ҳам 26 майдан 1 июнгача Наманганда 60-халқаро гуллар фестивали ўтказилиши режалаштирилган.