Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Гулчилик марказида”да давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Гул етиштирувчилар уюшмаси” аъзоси саналган “Zinnura flowers” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда ўқув маркази ҳамда полигони ташкил этилди.
Юртимизда биринчилардан бўлиб бўлиб, тузилган мазкур марказнинг очилишида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессионал гулчилар ҳамда нафосат шайдолари жам бўлди.
Ўқув машғулотлари Ўзбекистон гулчилар ассоциацияси томонидан жалб этилган туркиялик етакчи соҳа мутахассиси Эрдал Аййилдиз бошчилигида олиб борилади. Бир ярим ойга мўлжалланган ўқув курсларида ўқувчилар режа асосида ҳафтада тўрт кун назарий ва икки кун амалий машғулотларда иштирок этади.
Даставвал, Давлатобод ҳудудида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролардан гулчилик соҳасига қизиққан 50 киши танлаб олинди.
[gallery-5718]
- Тингловчиларни бир ярим ой давомида ўқитамиз, талаб кўп, гулчиликка қизиққан ҳамюртларимиз учун бошқа манзилда ҳам дарс бериш чораларини кўрмоқдамиз, - дейди Ўзбекистон гулчилар ассоциацияси раиси ўринбосари Одилжон Қодиров. - Курсларни муваффақиятли тугатган тингловчиларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер берилади ва уларнинг бандлиги таъминланади. Бунинг учун Наманганда алоҳида гулчилик кластери ташкил этилгани қувонарлидир.
Ўқув курсалари якунида унинг иштирокчиларига Ўзбекистон “Гул етиштирувчилар уюшмаси” томонидан сертификатлар тақдим этилади.
Айни пайтда плантацияларда 10 миллион дона турли гул парваришланмоқда. Жорий йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги халқаро Гуллар фестивалига 25 миллион дона гул етиштириб, байрамнинг асосий тадбирлари ўтадиган боғ ҳудудига экиш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА