Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда Германия ҳамкорлигидаги йирик корхона иш бошлади
11:17 / 2022-12-07

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида Германиянинг дунёга машҳур йирик “Hugo boss” брендига эга компания билан ҳамкорликда “Fazman tekstil” масъулияти чекланган жамияти томонидан Европа стандартларига мос келадиган тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасининг биринчи навбати ишга туширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган байрам тадбирида юртимизда яратилган ишбилармонлик муҳитидан оқилона фойдаланиб келаётган тадбиркорлар меҳнати ва салмоқли ютуқлари эътироф этилди. Наманган вилоятига кенг кўламда инвестиция киритаётган Германиянинг “Карл Гросс”, Россия Федерациясининг “Демарк” ва “Роял сприд” компанияси вакилларига миннатдорлик билдирилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини жалб этиш, хорижий давлатлар ишбилармонлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш орқали дунёнинг йирик бренд компанияларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

[gallery-9879]

Хорижий инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити натижасида ҳозирги кунда вилоятда дунёнинг йирик “Waikiki” (Туркия), “Baldessarini” (Германия), “Zara” (Испания) брендига эга қатор компаниялари билан ҳамкорликда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, дунёнинг йирик “Hugo boss” брендига эга компанияси билан ҳамкорликда “Fazman tekstil” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 40 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳанинг тўлиқ қувват билан ишга тушиши ҳисобига келгусида 3 000 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳанинг дастлабки босқичи учун жами 20 миллион доллар сарфланиб, мингга яқин иш ўрни ташкил этилди. Эътиборлиси, янги йирик корхонанинг самарали ва барқарор фаолият юритиши мақсадида Германия, Туркия давлатларидан замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб, ўрнатилди.

– Корхонамизда йилига 1 миллион дона тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, йиллик экспорт ҳажми 15 миллион долларни ташкил этади, – дейди таъсисчи тадбиркор Неъматжон Фатҳиддинов. – “Hugo boss” бренди остида костюм-шим, эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Битта тикувчилик корхонасида бирданига 500 ёки 1000 киши ишлайдиган йирик корхона мавжуд эмас эди. Энди буям бор.

Хорижий инвесторлар сармояси натижасида бугунги кунда бир вақтнинг ўзида битта корхонада 1000 нафардан зиёд киши меҳнат қиладиган корхоналар сони 20 дан ошди. Бу эса текстиль соҳасида Республикада етакчи ўринда турадиган Наманган вилоятининг салоҳияти ва иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА