Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “2023-2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Чегарасиз шифокорлар” халқаро инсонпарварлик ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ўртасида англашув меморандуми имзоланган.
Мазкур келишув асосида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида дорига чидамли туберкулёз касаллигини ташхислаш, даволаш ва олдини олишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тадбирлар режаси”да белгиланган вазифалар ижроси йўлида муҳим қадамлар ташланяпти.

Маълумки, дунё миқёсида сил касалликларини даволаш 2022 йилгача олти ойдан 22 ойгача режимда амалга ошириб келинди. Кейинчалик шу муддатни камайтириш, соғломлаштиришнинг хавфсиз ва тезкор чораларини топишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Айни шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур йўналишдаги энг тараққий этган илмий-тадқиқот муассасалари, фармацевтиканинг етук олимлари эътиборини ана шу масалага қаратди. Ниҳоят даволашнинг олти ойлик схемаси ва янги таркибдаги дори-дармонлар яратилиб, бир неча босқичли синовлардан ўтказилди. Натижалар кутилганидек бўлди. Бу изланишлар қўлланилиб, қувончли самараларга эришилди.

Мазкур касаллик бўйича ташхислаш ва изланишларни барча фтизиатрия шифохоналарига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида ҳудудий фтизиатрия хизмати ва бирламчи тиббий-санитария бўғини мутахассисларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, билим ва малакаларини оширишга қаратилган ўқув семинари ўтказилди.

Анжуманда вилоят, шаҳар ва туманлар фтизиатрия хизматларининг врачлари, ўрта тиббиёт ходимлари, лаборантлари иштирок этди. Унда машғулотлар уч гуруҳга бўлинган ҳолда олиб борилди. Марказнинг юқори малакали мутахассислари, “Чегарасиз шифокорлар” халқаро инсонпарварлик ташкилоти ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари кўп дориларга чидамли туберкулёзни янги услубларни қўллаган ҳолда даволаш, муолажа режасини ишлаб чиқиш, беморларни руҳий қўллаб-қувватлаш, лаборатор ташхисларни қўйишда назорат менежментини йўлга қўйиш каби долзарб мавзуларда маъруза, суҳбат, савол-жавоб, замонавий усулни қўллашга доир тренинг олиб бордилар.

Шунингдек, тингловчиларнинг республика онлайн консилиумида тадбир давом эттирилиб, унда фармокологик назорат ва дорилар ножўя таъсирларининг олдини олиш ва беморлар тиббий ҳолатлари муҳокамаси тарзида маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА