Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 2020 йилдаги финал учрашуви ўтказилди.
Кубок ғолибини аниқлаб берувчи ҳал қилувчи учрашувда пойтахтимизнинг икки вакили – “АГМК” ва “Пахтакор” жамоалари майдонга тушдилар.

Учрашувни шиддатли ҳужумлар билан бошлаган “Пахтакор” 19-дақиқада бурчак тўпига эга бўлди. Эрен Дердийокни “АГМК” аъзоси Сардор Раҳмонов ушлаб қолганди. Натижада, мазкур учрашувда Ўзбекистон футболи тарихида илк марта “VAR” тизимидан фойдаланилди. Бош ҳакам Зокир Қодиров видео-такрор ҳакамлари билан гаплашди ва бу вазиятда пенальти йўқ деб топилди.

Финал баҳсннинг 28-дақиқасида ҳисоб очилди. Достонбек Ҳамдамовдан тўпни қабул қилиб олган Драган Черан жарима майдони марказидан кучли зарба билан олмалиқликлар дарвозасини ишғол этди.
Иккинчи бўлимнинг илк дақиқалариданоқ “Пахтакор” футболчилари орадаги фарқни яна биттага оширдилар. Сербиялик легионер Черан жамоадоши Жалолиддин Машариповнинг ажойиб “паси”ни боши билан голга айлантира олди.

56-дақиқада “VAR” тизими яна ишга туширилди. видео-такрорни ўзи кузатган бош ҳакам “Олмалиқ” жарима майдончаси ичида тўп ҳимоячи Сардор Раҳмоновнинг қўлига теккан, деб топди ва пенальти белгилади. “Шерлар”нинг моҳир футболчиси Жалолиддин Машарипов 11-метрлик жарима зарбасини совуққонлик билан амалга ошириб, ҳисобни йирик кўринишга (0:3) келтирди.
Беллашувнинг 82-дақиқасида “АГМК” аъзоси Зафар Полвонов ўртадаги фарқни қисқартирувчи тўпни “Пахтакор” дарвозасига киритди. Аммо гол ўйиндан ташқари ҳолатда урилгани сабабли инобатга олинмади.

Шу тариқа, ўйинда йирик ҳисобда зафар қучган “Пахтакор” жамоаси ўз тарихида 13-бор мамлакат кубогини қўлга киритди.
Эътиборлиси шундаки, “АГМК” ва “Пахтакор” жамоалари Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи учрашувида қаторасига учинчи йил ўзаро тўқнаш келдилар. 2018 йили Бахтиёр Ашурматов мураббийлигида “кончилар” 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, илк бор кубок ғолибига айланишди. бироқ кейинги икки йилда рақибдан йирик ҳисобларда устун келган Шота Арваладзе бошчилигидаги “Пахтакор” футболчилари чемпионлик унвони сони билан бир хил тарзда кубок совринига ҳам эга чиқдилар.
Ўйиндан сўнг ўтказилган тантанали маросимда ўзбек футболи намояндалари Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов иштирокида “Пахтакор” жамоасига навбатдаги кубок соврини тақдим этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.