Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” XIII халқаро Тошкент кинофестивали унутилмас лаҳзалар билан муҳрланади.
“Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида юртимизга 50дан зиёд давлатлардан келган 250га яқин кино ижодкорлари иштирокида “Ҳужжатли фильмлар куни”, “Кинокарвон акцияси”, “ШҲТ мамлакатлари киноҳафталиги”, “Кино беш кунда: иккинчи ёш киноижодкорлар танлови” каби йирик тадбирлар вилоятлар бўйлаб давом этди.

Хусусан, гуллар шаҳри – Наманганда халқаро кинофестиваль доирасида “Эрон киноси кунлари” кўтаринки руҳда ташкиллаштирилди. ШҲТга аъзо мамлакатлар вакилларининг ўзаро дўстлик ва бирдамлигига хизмат қилувчи маърифий тадбирларда эронлик кино санъати усталари, актёрлар иштирок этди.
Меҳмонлар Ахсикент ёдгорлиги, Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуаси, “Афсоналар водийси” тематик парки каби вилоятнинг тарихий қадамжолари ва эътиборга молик масканлари бўйлаб сайёҳат қилди.

Вилоят мусиқали драма театрида кино ихлосмандлари, олий ўқув юртлари талабалари иштирокида “Олма водийсининг бўри болалари” ва “Кўричак” бадиий фильми намойиши ҳамда ижодий суҳбатлар ташкил этилди.
– Шарқ халқлари санъатига меҳрим бўлакча, – дейди Наманган муҳандислик-технология институти талабаси Маъмуржон Эргешев. – Эрон фильмларини интернет орқали бир-икки марта томоша қилиб, қизиқишларим янада ортган. Айниқса, “Кўричак” фильмидан ғоят таъсирландим. 2016 йилда “Оскар” мукофоти лауреатига тавсия этилган мазкур фильмда оилавий ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат сингари қадриятлар юксак даражада қадрлангани муҳим.

Намойишдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.
– Эронда йилига ўртача юздан ортиқ кино суратга олинади, уларнинг камида 50 тасининг тақдимотлари бўлади, – дейди эронлик режиссёр Хоссеин Намази. – Фильмларимизда сифат ва бадиий мазмунга алоҳида эътибор қаратилади. Халқимиз кўпроқ комедик жанрдаги фильмларга қизиқади. Лекин бизда Ҳукумат томонидан асосан, сиёсий, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, инсонни ўйлантирадиган мавзулардаги картиналар молиялаштирилади. Суратга олиш ишлари гарчи, камхарж бўлса-да, инсонийлик ва ватанпарварлик сингари фазилатлар устувор мавзу сифатида қадрланади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА