Наманганда ерни 17 минг долларга пулламоқчи бўлган фирибгар ушланди
“Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган нақл бежиз айтилмаган. Зеро, қинғир йўллар билан бойлик орттириш йўлидаги ҳар қандай қилмиш узоққа бормаслиги тайин.
Наманган вилоятининг Уйчи туманида фермер хўжалигига тегишли бўлган ер майдонини сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Уйчи тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Р. Чортоқ туманидаги “W.” фермер хўжалигига қарашли ер майдонининг 8 гектарини фуқаро Б. га 17 000 АҚШ доллари эвазига танишлари орқали олиб беришни ваъда қилиб, 5 000 доллар ва 53,7 млн. сўмни “қуртдай санаб олаётган” олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА