Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда эндокринолог, кардиолог ва хирургларнинг Республика анжумани бошланди
10:28 / 2020-12-11

Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкилланган “Эндокринология, кардиология ва эндовизуал хирургиянинг долзарб муаммолари” мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани бошланди.

Анжуманнинг очилишида қатнашган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов Наманган тиббиётининг ўзига хос ўрни ҳамда тажриба мактаби ҳақида тўхталиб, илмий-амалий анжуман тиббиёт ходимларининг билими ва касбий маҳоратини юксалтириш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, академик Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг олимларининг маърузаларида соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, рақамлаштириш технологияларини изчил татбиқ қилиш, йўналишлар бўйича ташхис ва даволаш, жарроҳлик амалиётларини юқори даражада малакали ташкил этиш хусусида сўз юритилди. Савол-жавоблар, қизғин мунозаралар чоғида анжуман кун тартибидаги масалалар бўйича батафсил фикрлашиб олинди.

Айниқса, “Эндовизуал жарроҳликнинг ривожланиши ва морбид семизликни замонавий даволаш усуллари”; “Юрак ишемик касаллигини замонавий даволаш усуллари”; “Ўн икки бармоқли ичак ярасидан қон кетишини жарроҳлик усулида даволаш” мавзусида илмий чиқишлар маҳаллий шифокорлар учун айни муддао бўлди. 


Наманган вилояти эндокринология маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов эндокринология ва кардиология соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида тақдимотларини ҳавола этдилар.
Анжуман илк кунининг амалий қисмида таниқли мутахассислар томонидан беморлар тиббий кўриги ташкилланди. Наманган шаҳридаги “Доктор-А” хусусий клиникасида кечган жараёнда ўт-тош касалликлари асоратлари, қизил ўнгач чурраси, ҳамроҳ юрак қўшма пароги, ўнг буйрак усти бези ўсмаси ва бошқа хасталиклардан азият чекаётган беморлар ҳолати кўздан кечирилди.

[gallery-372]
- Наманганлик тиббиёт мутахассислари юксак салоҳиятга эга. Бугунги кунда замонавий тиббий технологиялар асосида ишлаш кўникмаси оширилса, улар ҳам тошкентлик ҳамкасблари каби жарроҳлик амалиётларини юқори даражада удалай олишларига ишончим комил, - дейди тиббиёт фанлари доктори, Республика ихтисослаштирилаган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бош врачи Шуҳрат Ҳошимов.
Уч кунлик анжуман доирасида, шунингдек, пойтахт клиникаларида олиб борилаётган қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари Наманган вилоятидаги тиббиёт марказларида татбиқ этилади. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филали ва “Доктор-А” хусусий клиникасида жарроҳлик жараёнлари етакчи олимлар томонидан маҳаллий шифокорларга “маҳорат дарси” сифатида кўрсатиб берилади.


Тошкентдан келган тажрибали жарроҳлар морбид, семизлик ва қандли диабетнинг 2-тури, қизилўнгач чурралари, чов чурралари, ошқозон ости бези касалликлари, жигар ва ўт йўллари патологияси, буйрак усти бези ўсмалари, тугунли ва кўп тугунли буқоқлар, юракнинг туғма ва орттирилган нуқсонлари, юрак ишимик касалликлари ва интервенцион кардиология соҳалари бўйича беморларни дарддан халос бўлишига кўмаклашадилар.

Бундан ташқари, аҳолининг тўғри овқатланишини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўйича кўргазмали чиқишлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилади.

   

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА