Жорий йил 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш вазифаси юклатилди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириғи ижроси доирасида, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Янги Наманган туманида барпо қилинган янги кўп қаватли уй-жой массивида дарахт экиш акциясида иштирок этди.

Наманганда бутун мамлакатимиз бўйлаб 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича эълон қилинган “долзарб 40 кунлик”да 15 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. Акцияда барча корхона, ташкилот ва муассасалар, хонадонлар, кўча бўйлари ҳамда танланган махсус ҳудудларда шаҳар, туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакилларини фаоллик билан иштирок этиши кўзда тутилган.
Вилоятда жорий йилнинг ноябрь ойида ҳамда келгуси йил баҳор мавсумида тут, павлония, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатлар экилади. Шунингдек, йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари ўтқазилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА