Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда Давлат хизматлари маркази филиаллари 17 тага етди
20:38 / 2022-01-03

Янги йил байрами муносабати билан Наманган вилоятининг Косонсой ва Чуст туманида Давлат хизматлари марказининг филиаллари иш бошлади.

Давлат хизматлари агентлиги томонидан фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш йўлида туман, шаҳар марказидан олис манзилларда жойлашган ҳудудларда Давлат хизматлари маркази (ДХМ) филиаллари ташкил қилиниб, аҳолига янада қулайликлар яратилмоқда. Натижада эса вилоятнинг деярли барча туманларида филиаллар фаолияти йўлга қўйилди.

Косонсой туманидаги “Чиндовул” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси давлат хизматларидан фойдаланиш учун 12 километр йўл босиб, туман марказига боришига мажбур бўларди. Бу каби ортиқча қийинчилик ва оворагарчиликларнинг олдини олиш, айниқса қишнинг совуғи ва ёзнинг жазирамасида йўл босиб қийналган аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ДХМ филиали маҳаллада иш бошлади.

Эндиликда, нафақат чиндовулликлар балки, Учқўрғон, Узунқишлоқ, Ифтихор, Сой Бўйи, Гузар, Боғ ва яна олтита маҳаллада истиқомат қилувчи  50 мингга яқин аҳоли ўзига яқин бўлган ҳудудда хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Чуст туманидаги Каркидон қишлоғи туман марказидан анча узоқда жойлашган. Қишлоқ аҳли деҳқончилик ва чорвачиликка меҳр қўйган. Уй юмушларидан ортиб, туман Давлат хизматлари марказига боришга вақт топа олмаётган фуқаролар учун ўз ҳудудида янги очилган филиал айни муддао бўлди. Эндиликда, нафақат Каркидон, балки унга ёндош бўлган маҳалла аҳли ҳам давлат хизматларига эҳтиёж сезса, шундоққина маҳалла гузарида иш бошлаган филиалга бемалол мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга келиб, Наманган вилояти шаҳар ва туманларининг чекка ҳудудларида ташкил этилган Давлат хизматлари маркази филиаллари сони 17 тага етказилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА