Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда давлат герби қабул қилинганининг 31 йиллиги кенг нишонланди
18:09 / 2023-07-02

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган.

2 июль – юртдошларимиз учун қадрли ва унутилмас сана - Ўзбекистон Республикаси давлат герби қабул қилинган кун. Яъни, бундан 31 йил аввал, 1992 йил 2 июлда "Ўзбекистон Республикаси давлат герби тўғрисида"ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.

Қонунга кўра, давлатимиз герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир. Демак, давлат герби – халқнинг эрки, бахти, ғурури, ўзлиги тимсоли. Ушбу қонун 8 тагина моддадан иборат бўлсада, унинг аҳамияти залворли.

Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида давлатимиз герби қабул қилинган кун муносабати билан “Ўзбекистон – барчамиз учун ягона Ватан, ягона қалбдир!” шиори остида щтказилган маданий-маърифий тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, талаба ёшлар жамул-жам бўлишди. Тадбир аввалида вилоятнинг марказий кўчаларида давлат байроғини ўрнатган ҳолда “Ватанпарвар автокарвони” ташкил этилди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг нафақат давлат рамзи, балки миллат ифтихори сифатидаги юксак аҳамияти хусусида тўхталди. Шундан сўнг, мамлакатимиз мадҳияси янгради.

Иқтидорли ёшлар, маънавият тарғиботчилари ўз сўзида мустақиллик белгиси, мамлакат тимсоли бўлган гербимизни Янги Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллатидан қатъий назар барча фуқаролар ҳурмат қилишлари зарурлигини таъкидлашди.

Дарҳақиқат, герб – ҳар бир давлатнинг рамзи, халқнинг тимсоли! Ундаги ҳар бир тасвир, ранг, чизиқ ва белги улуғлик, фидойилик ва олийжаноблик нишонаси бўлиб, ўзида тинчлик, яхшилик, бахт-саодат ва юртнинг фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

Ҳарбий қисмлар хизматчиларининг жанговар кўргазмали чиқишлари ва вилоят санъат усталарининг ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлари йиғилганларга кўтаринкилик бағишлади.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА