Янги Наманган туманидаги “Ёшлик барака” бозори ҳар доимгиданда гавжумлашиб, минглаб чорва ва парранда шинавандаларини ўзига ром этди. Анъанага айланиб бораётган “Халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалар кўргазмаси” учинчи маротаба кўтаринкилик билан ўтказилди.
Барчада катта қизиқиш уйғотган тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Наманган вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда мамлакатимизда туризм ривожига қаратилаётган юксак эътибор туфайли халқаро миқёсдаги тадбирлар сони ортиб бораётганини эътироф этди. Мазкур анънавий кўргазма ҳам нафақат маҳсулот ёки ҳайвон зотлари намойиши, балки ривожланиш стратегияси, келажак режалари, ҳамкорлик истиқболларининг муҳим майдони эканлигини айтди.
Қайд этиш жоиз, шу йилнинг ўзида Наманган вилоятида қорамоллар бош сони 12,1 фоизга, қўй ва эчкилар 11,4 фоизга, паррандалар эса 44,3 фоизга кўпайган. Айниқса, соҳада наслчиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани ўз натижасини бермоқда. Ушбу рақамлар кўргазмада ҳам ўз исботини топди. Юздан зиёд зотдор от, туя ва қорамоллар, ноёб қўй ва эчки турлари, паррандалар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Иштирокчилар тақдим этаётган жониворлар орасида 70 минг доллар турадиган улоқчи от, 5 минг долларга баҳоланган Арашан зотли қўйлар ҳаммавжуд.
[gallery-26462]
Халқаро фестиваль даражасига кўтарилган ушбу тадбирда қўшни Қирғиз Республикаси ва Тожикистондан ҳам бир гуруҳ соҳа вакиллари иштирок этди. Кўргазма якунида, фаол қатнашчилар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилиб, вилоят ҳокимлиги, туризм бошқармаси томонидан муносиб тақдирланди.
Тадбир меҳмонлар учун нафақат кўргазма, балки билим ва тажриба алмашиш майдонига айланди. Чорвачиликнинг замонавий технологиялари, наслни яхшилаш ва иқтисодий самарадорлик бўйича фойдали маълумотлар тақдим этилди.
Бир сўз билан айтганда, учинчи “Халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалар кўргазмаси”га қизиқувчилар сони йил сайин ортиб, кўргазма Наманганнинг ўзига хос брендларидан бирига айланмоқда. Бу ўз навбатида, қишлоқ хўжалигининг чорвачилик ҳамда паррандачилик тармоқларида ҳамкорлик ва тажриба алмашишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.