Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда босма нашрларга эътибор зарур
20:20 / 2021-09-03

Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган интервьюсининг мазмун-моҳияти шаҳар ва туманларда, меҳнат жамоаларида қизғин ўрганилмоқда.

Хусусан, Нодирабегим номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида босма ва электрон медиа тузилмалари вакиллари иштирокида ўтказилган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусидаги давра суҳбати ҳам давлатимиз раҳбарининг матбуотдаги илк чиқишидан келиб чиқадиган долзарб вазифаларга бағишланди.

Давра суҳбати аваалида Наманган вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникация масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Холмурод Салимов Президентимизнинг газета бош муҳаррири саволларига берган жавобларида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган улкан ўзгаришлар акс эттирилганлиги ҳақида сўз юритдилар.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 17 август куни чоп этилган “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” сарлавҳали мазкур интервьюда юртимизнинг сўнгги беш йилликдаги тараққиёт йўли, ички ва ташқи сиёсати, бугунги куннинг устувор вазифалар ўз ифодасини топган.

Айниқса, “Янги Ўзбекистон”нинг барпо этиш ғояси, унинг тарихий асослари, бу юксак маррага эришиш йўлидаги муҳим жиҳатлар, “Учинчи ренесанс” пойдеворини яратишда олдимизда турган вазифалар қайд этилган. Белгиланган мақсадлар ижроси албатта, бу катта сафарбарлик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокисиз бўлмайди.

Айни шу жараёнда вилоятдаги матбуот нашрлари, хусусан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг даврий нашрларининг бугунги обунасини мақтагудек бўлмайди. Аксарият муассислар, яъни ҳокимликларнинг етарли даражада эътибор қаратмаганликлари сабабли газеталарнинг адади олдинги йилларга қараганда кескин даражада тушиб кетди. Бугунги кунда, вилоят нашрлари “Наманган ҳақиқати”нинг адади атиги 1468, “Наманганская правда” газетасининг адади эса атиги 600 нусхада чоп этилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?..

Қолаверса, Исҳоқхон Ибрат номидаги собиқ вилоят босмахонасининг инқирозга юз тутгани оқибатида босмахона биноси тадбиркорларга сотиб юборилганлиги, айни пайтда бу ерда қурилиш ишлари амалга оширилаётгани сабабли босмахон ва таҳририятлар биноси туташиб кетган вилоят “Матбуот уйи”нинг айни кезда абгор ҳолга келиб қолганлиги ташвиш билан тилга олинди.

“Шифокор ва ҳаёт” газетаси муҳаррири Абдуллажон Ғозиев, “Мингбулоқ” туман газетаси муҳаррири Қосимжон Акбаров, матбуот нашрларининг фаол жамоатчи мухбири, тарихчи-публицист Бахтиёр Исҳоқовлар томонидан билдирилган мулоҳазалар иштирокчиларнинг фаол мулоқотига асос бўлди. “Наманган ҳақиқати”, “Наманганская правда”, “Ёшлар нигоҳи” газеталари муҳаррирлари Акрамжон Сатторов, Одилжон Иномов, Нилуфар Ниёзова ва бошқаларнинг газета-журналлар ўқишлилигини таъминлаш, журналистларнинг моддий таъминоти ва ижтимоий ҳимояланишини мустаҳкамлаш, уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш лозимлигит бўйича билдирган таклифлари қўллаб-қувватланишит айтиб ўтилди.

Давра суҳбатида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланганлар наманганлик ҳамюртлар қаторида журналист-ижодкорларнинг ҳам борлиги фахр билан эътироф этилди.

Тадбирда “Менинг юртим” телеканали мухбири , “Ёш журналистлар мактаби” нодавлат ташкилоти таъсисчиси Темурмалик Воҳидовнинг “Келажак бунёдкори” медали ҳамда шоир, публицист Зиёвиддин Мансуровнинг “Эл-юрт ҳурмати” орденига муносибликлари таъкидланди. Давлат мукофоти соҳиблари ҳамда соҳада ибратли фаолият юритаётган бир қатор журналистларга уюшма фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, мустақиллик байрами муносабати билан фахрий журналистларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш сингари қадриятга айланган хайрли ишларга ҳам қўл урилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Холмурод Салимов, уюшманинг Наманган вилояти раиси Носиржон Деҳқонов матбуот соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган табаррук ёшли журналист –Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эрмамат Нурматов, журналистик фаолияти давомида бадиий ижоднинг наср йўналиши бўйича муҳташам асарлар яратган ҳажвчи Абдуғани Абдувалиев, журналист, таржимон ва адиб, академик Рустамжон Умматовлар хонадонида бўлиб, ҳамкасб ва шогирдларнинг байрам табрикларини етказдилар. Қисқа, аммо сермазмун мулоқотлар ҳикматларга бой хулосаларни ўртоқлашиш асносида кечди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА