Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўплиги, кераксиз штатлар борлиги, марказлашув юқорилигини, оқибатда бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётганини қайд этган эди.
Узоқ тайёргарлик кўрилган ва чуқур таҳлил қилинган ушбу ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга ҳужжат – “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича қарор имзоланди.
Наманган вилоятида ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми - натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш мақсадида вилоят ҳокимлиги тизимидаги тузилмалар, улардаги мавжуд штат бирликлари ва иш фаолияти таҳлил қилинди.
Вилоят ҳокимининг 2022 йил 29 декабрдаги тегишли қарорига асосан, ҳокимлик ҳузуридаги ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган қуйидаги 11 та ташкилот фаолияти тугатилиши белгиланди:
– “Ахсикент” археология мероси объектини ташкил этиш, қайта тиклаш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ва унинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш махсус жамғармаси;
– Наманган вилояти салоҳиятини тарғиб этиш Мeдиа дeпартамeнти;
– “Наманган вилояти иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси қошидаги “Иссиқлик техника маркази” унитар корхонаси;
– Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Наманган шаҳридаги зиёратгоҳлар муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни сақлаш ободонлаштириш ва бошқариш бўйича ягона дирeкцияси;
– Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш жамғармаси;
– “Ҳюндай мотор уз Наманган” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона;
– Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Коронавирус инфeкциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуасини бошқариш махсус маркази;
– Янгиқўрғон тумани “Нанай” қишлоғини экотуризм марказига айлантириш, дам олиш масканлари бино-иншоотларидан фойдаланиш ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш дирекцияси;
– Наманган вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази;
– Наманган вилояти махсус эксплуатация-монтаж бўлими давлат муассасаси;
– Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Фуқaролaрни ўзини ўзи бошқaриш оргaнлaри ходимлaрининг мaлaкaсини ошириш мaркaзи” давлат муассасаси.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, давлат ташкилотлари сонини мақбуллаштириш ва штатлар сонини танқидий таҳлил қилиш орқали давлат бюджети маблағлари ҳам тежалади. Ислоҳотлар қатъият билан давом эттирилади. Юқоридаги ташкилот ва муассасаларни тугатиш бўйича алоҳида тугатиш комиссияси тузилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда 2023 йил январь ойидан тугатиш чоралари кўрилади.
ЎзА