Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганда бир куннинг ўзида 12 та "IT -School" ўқув маркази очилди
23:03 / 2020-12-15

Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларидаги 12 касб-ҳунар коллежи биносида Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ижросини таъминлаш мақсадида замонавий таъмирланган, мебеллар тўплами, компьютер ва оргтехника қурилмалари билан жиҳозланган “IT-Scholl” ўқув марказлари ташкил этилди.

“Рақамли иқтисодиётсиз мамлакат иқтисодиётининг келажаги йўқ”. Шавкат Мирзиёевнинг эл-юрт тақдири, унинг эртаси билан боғлиқ айтган бу сўзлари замирида катта маъно мужассам. Бинобарин, якунланиб бораётган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар салмоғи катта бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада ҳуқуқий асос вазифсини ўтамоқда.

Албатта рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва унумли ишлатиш мутахассисларга боғлиқ. Шу жиҳатдан рақобатбардош кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Наманган тажрибаси” сифатида ушбу марказларни республика “IT-Park” (“IT-center” – Рақамли технологиялар ўқув маркази) билан бирлаштириш юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ўртасида қўшма қарор қабул қилинди.

Мазкур келишувга асосан марказлар республика бошқарувига ўтказилиб, “IT-Park” вилоятдаги ҳар бир ўқув марказига 5-6 нафардан, жами 72 нафар ўқитувчи мураббийни ишга олишни бошлади. Ўқитиш Ҳиндистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган услубда ташкил этилади.

[gallery-461]

Ўқув марказларида йилига 10 минг 800 нафар ўғил-қиз ўқитилиб, уларга “IT-Park” сертификати тақдим қилинади. Тўққиз ойлик дастурлаш курсини муваффақиятли бажарган тингловчиларни мавжуд имтиёзларни қўллаш орқали “IT-Park” Наманган филиалига фрилансер ва резидент сифатида ўтказилиб, уларга буюртмалар шакллантирилишига кўмаклашилади.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бир пайтнинг ўзида ўтказилган ушбу марказларнинг тантанали очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Республика “IT-Park” маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ахборот коммуникацияларини ривожлантириш маркази мутасаддилари, соҳага қизиқувчи талаба, ўқувчи ёшлар вакиллари иштирок этдилар.

Наманган шаҳридаги “IT-Scholl” ўқув маркази конференц-залида Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Жамшид Эгамбердиев, “IT-Park” маркази директори Фарҳод Ибрагимов ахборот технологиялари йўналишига қизиқувчи ёшлар билан мулоқотда бўлди, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Ушбу мулоқотга барча шаҳар-туманлардаги “IT-Scholl” ўқув марказлари видео-алоқа орқали уланди.

- Кейинги йилларда дунё миқёсида “рақамли шаҳар” коцепцияси оммалашмоқда. Шу тажрибадан келиб чиққан ҳолда “Рақамли Наманган” тизимини жорий этишга киришганмиз. Насиб қилса, Наманган ахборот технологиялари мактабларини тамомлаган ёш, иқтидорли мутахассислар бу жараёнда фаол иштирок этадилар, - деди вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов.

9 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мазкур марказларнинг ҳар бири шинам ва замонавий хоналарга эга бўлиб, мебель, компьютер ва зарур оргтехника қурилмалари билан жиҳозланган, юқори тезликдаги интернетга уланган. Марказнинг асосий фаолият йўналиши ахборот технологиялари соҳасида рақобатдош маҳсулот ва хизматларни, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга шароит яратишдир.

Машғулотлар давомида маълумотларни таҳлил қилиш, андроид иловалар, веб-иловалар ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича билим берилади. Бошланғич ўқув курслари бепул, дастурлаш ва графикани чуқур ўргатувчи курслар эса тўлов асосида фаолият олиб боради.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА